Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини садақа қилиб юборишга кирмайди. Эскирган нарса ўртача мол ҳисобланади, чунки камбағаллар бундан ҳам эскироқ кийимларни сотиб олишади. Қанчадан-қанча бойлар писанд қилмайдиган кийимлар борки, уларга эришиш камбағаллар учун орзудир. Бундай кийим-кечакларни ахлатга ташлаш ёки ёқиб юбориш мумкин эмас.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим» (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).
2. Ёмон кийимни садақа қилиш макруҳдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олмайсиз», деган. (Бақара сураси, 267-оят). Макруҳ бўлиши билан бирга бундай кийимни садақа қилган одамга садақасига яраша ажр ёзилади, ваҳоланки унга молнинг яхшисини танлаб садақа қилиш афзалдир.
Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди» («Муғнил муҳтааж», 4/197).
3. Афзали ўша кийимларни ювиб, дазмоллаб, сўнг камбағалнинг ўзига ёки бирорта хайрия жамғармасига бериш ёки масжид имомидан муҳтож одамларни сўраб олиб, ўшаларга беришдир.
4. Шунингдек, эски оёқ кийим, идиш-товоқ ва уй жиҳозларини садақа қилиш ҳам мустаҳабдир.
Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.
Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш
Бугун, 15 сентябрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар муфтийлари йиғилиши ва халқаро анжуманнинг нуфузли иштирокчиларини қабул қилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган мулоқотда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон етакчисига Давлатимиз Раҳбарининг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказдилар.
Учрашувда қардош давлат Раҳбари нутқ сўзлаб, халқаро анжуманларнинг аҳамиятига тўхталди. Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва дўстона алоқалар янги босқичга кўтарилгани алоҳида эътироф этилди.
Туркий давлатлар етакчиларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари натижасида илм-фан, таълим, маданий-гуманитар ҳамда диний-маърифий жабҳаларда ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланаётгани таъкидланди. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар Диний идоралар раҳбарларининг муштарак мақсадлар йўлида бирлашиши, халқларимиз ўртасидаги қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикни асраш ҳамда замоннинг долзарб масалалари бўйича муштарак фатво ва баёнотлар қабул қилишда муҳим пойдевор бўлаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати