Юртимизда миллий спорт турларини ардоқлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Муфтий кубоги" мусобақасига старт берилган эди.
Шу йил 28 март куни Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби Расулжон домла Абдуллаев бошчилигида вилоятдаги масжид имом-хатиблари ва ноиблари ўртасида миллий кураш бўйича саралаш босқичлари ўтказилди.
Беллашувлар кутилганидан ҳам қизғин ва шиддатли кечди. Дин хизматида бўлган уламоларимиз бу гал майдонда ўзларининг жисмоний маҳоратларини намойиш этдилар.
Тадбир якунида вилоят бош имоми воҳамизнинг алп ўғлонлари ҳақига хайрли дуолар қилиб, уларнинг келгуси босқичларда ҳам қўллари баланд бўлишини тиладилар.
Сурхондарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда юртимиз озодалигига беқиёс ҳисса қўшиб келаётган 2500 нафардан ортиқ ободонлаштириш хизмати ходимларига озиқ-овқат жамланмалари тарқатди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад машаққатли ва шарафли меҳнати ҳар доим ҳам кўзга кўринавермайдиган соҳа ходимларининг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг қалбига байрам шукуҳи, хонадонларига қувонч киритишдир.
Инсон қадрини улуғлаш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби хайрли ишлар шу кунларда янада кенг қулоч ёзиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан Республикамиз бўйлаб 3500 нафарга яқин ана шундай фидойи ходимларнинг кўнгли хушнуд этилди.
Бу каби хайр-саховатга йўғрилган байрам тадбирлари ўлкамизнинг барча гўшаларида давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати