Бугунги тез ўзгараётган меҳнат бозорида тўғри касб танлаш моддий фаровонлик, шу билан бирга икки дунё саодатига эришиш йўлидир. Ислом динида ҳалол касб билан шуғулланиш юқори баҳоланади. Муқаддас динимизда касб-ҳунар эгаллашга катта эътибор қаратилган.
Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Намоз тугагандан сўнг ер юзига тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқ) изланг...” (Жума сураси, 10-оят).
Бу оят мусулмон киши ибодатда ҳамда ризқ излашда, касб-ҳунар билан жамиятга фойда келтиришда ҳам фаол бўлиши кераклигини кўрсатади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом дедилар: “Ҳеч бир инсон ўз қўли билан меҳнат қилиб топган таомидан кўра яхшироқ таом емаган” (Имом Бухорий ривояти).
Бугунги кунда ёшлар IT, муҳандислик, тиббиёт ва ҳунармандчилик каби соҳаларни пухта эгаллашлари лозим. Зеро, кучли мутахассис бўлиш миллатнинг юксалишига хизмат қилиш демакдир.
Мисол учун, ахборот технологиялари соҳасини эгаллаш юқори даромадли касб ҳамда улкан ажр-савобларга сабаб бўлувчи воситаси ҳамдир. Ёшларни бу соҳага йўналтириш жамиятга кўп манфаат келтиради.
Бугунги кунда миллионлаб инсонлар ислом ҳақидаги маълумотларни интернетдан изламоқда. Дастурчилар томонидан яратилган сифатли веб-сайтлар, мобил иловалар (Қуръон қироатлари, ҳадис тўпламлари, намоз вақтлари) инсонларнинг ибодатларини осонлаштиришга ва тўғри билим олишига хизмат қилади. Интернетдаги нотўғри маълумотларга қарши фақат кучли билим ва замонавий медиа-технологиялар билан курашиш мумкин.
Авваллари бир ҳадисни ўрганиш учун ойлаб йўл юрилган бўлса, бугунги кунда дастурчилар яратган электрон кутубхоналар ва қидирув тизимлари сониялар ичида керакли маълумотни топиш имконини беради. Бу эса “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деган ҳадисга амал қилишни енгиллаштиради.
Онлайн хайрия платформалари, закот ҳисоблагичлар ва ижтимоий ёрдам иловалари орқали муҳтожларга ёрдам бериш жараёни шаффоф ва тезкор бўлди. Бу соҳада хизмат қилган дастурчи ҳам хайрия қилувчи каби савобга шерик бўлади.
Ёш дастурчининг клавиатурадаги ҳар бир босган тугмаси, агар у эзгу мақсадда бўлса, ажр-савоб ёзиладиган хайрли амалга айланиши мумкин. "Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ" дейилган нақл замирида ҳам даврнинг илғор илмларини эгаллаб, уни эзгуликка хизмат қилдириш ғояси ётади.
Т.Азимов
26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиафорумнинг “Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмун-моҳияти” мавзусидаги учинчи ялпи сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА.
Сессия доирасида Қуръони карим мероси, қадимий қўлёзмалар, ислом хаттотлиги, ҳужжатли кино ҳамда тарихий манбаларни ўрганишда сунъий интеллектдан фойдаланишга бағишланган халқаро лойиҳалар тақдим этилди.
Хусусан, “114 Қуръон: ислом олами хаттотлигининг 114 дурдонаси”, “Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва афсоналар”, “Аллоҳнинг 99 исми: Унинг гўзал исмлари орқали Яратганни англаш”, “Сунъий интеллект – қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити” лойиҳалари ҳамда “Ягона тарихий мерос саҳифалари” лойиҳаси доирасида яратилган “Масжид” ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Халқаро муҳокамаларда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, шунингдек, Жазоир, Ўмон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиб, исломофобия ва мавжуд стереотипларни бартараф этишда медианинг ўрни ҳақида фикр алмашди.
Сессия якунида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг анъаналарини бирлаштирувчи ноёб Қуръони карим нусхасини яратиш бўйича Хаттотлар умумжаҳон танлови эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур халқаро медиафорумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистон Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиб, унда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва эксперт ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили — медиа компаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари иштирок этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати