Экология ҳақида гапирганда, атроф-муҳитни Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган омонат эканини тушунишимиз керак.
Инсон табиатнинг эгаси эмас, балки унинг ҳимоячисидир. Қуръони каримда ер юзидаги мувозанатни бузмаслик ҳақида шундай дейилади:
«Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!» (Аъроф сураси, 56-оят).
Табиатни чиқиндилар билан ифлослантириш, сувни беҳуда исроф қилиш ва дарахтларни сабабсиз кесиш бузғунчиликнинг бир кўринишидир.
Экологик маданиятнинг энг гўзал намунаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларида намоён бўлади:
«Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, биронтангизнинг қўлида кўчат бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин» (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадис бизга ҳар қандай вазиятда ҳам табиатга ҳаёт бағишлаш, кўкаламзорлаштириш нақадар савобли иш эканини ўргатади.
Сув – ҳаёт манбаи. Ҳатто дарё бўйида таҳорат олганда ҳам сувни исроф қилмасликка буюрилганмиз. Бугунги ёшлар сув ва энергия ресурсларини тежаш орқали нафақат табиатни асрайдилар, балки динимизнинг муҳим талаби бўлган исроф қилмаслик тамойилига амал қиладилар.
Экологик маданият иймоннинг бир бўлагидир. Тозалик ва тартиб бор жойда барака бўлади. Шундай экан омонатни муносиб сақлайлик!
Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари Ислом ишлари ва вақфлар бош бошқармаси ҳамкорлигида ўзбекистонлик имом-хатиблар учун БААда малака ошириш ўқувлари бошланди. Бу ҳақда мазкур жараёнда иштирок этаётган Масжидлар билан ишлаш бўлими хабар берди.
Мазкур ўқув курсларининг асосий мақсади икки қардош мамлакат диний соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, илғор маърифий ёндашувлар, замонавий иш усуллари ҳамда долзарб диний-ижтимоий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборатдир.
Сафар доирасида бўлиб ўтган навбатдаги илмий-амалий машғулот давлатчилик асослари, бағрикенглик маданияти ва замонавий диний-ижтимоий ёндашувлар мавзусига бағишланди. Унда БААнинг тараққиёт йўли, қонун устуворлиги ва жамият барқарорлигида «васатийя» (мўътадиллик) тамойилининг ўрни муҳимлиги таъкидланди. 200 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув истиқомат қилаётган ушбу мамлакатда инсон қадри ва ўзаро ҳурмат асосий мезон эканига урғу берилди.
Ўз навбатида, БАА томони Ўзбекистоннинг бой цивилизацияси ва дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини юксак эҳтиром билан тилга олди.
Малака ошириш жараёнида иштирокчилар масжидлар фаолиятини ташкил этиш, жамиятда маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, хусусан, маъруза ва суҳбатларни замонавий ахборот технологиялари — интерактив тақдимотлар ва проекторлар орқали кўргазмали етказиш бўйича илғор амалиётлар билан яқиндан танишмоқдалар.
Тадбир давомида БАА раҳбариятининг глобал миқёсдаги инсонпарварлик ва хайрия ташаббуслари ҳам алоҳида эътироф этилиб, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш ва диний соҳа ходимларининг касбий салоҳиятини оширишга қаратилган мазкур манфаатли сафарни ташкил этган мутасаддиларга самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати