Экология ҳақида гапирганда, атроф-муҳитни Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган омонат эканини тушунишимиз керак.
Инсон табиатнинг эгаси эмас, балки унинг ҳимоячисидир. Қуръони каримда ер юзидаги мувозанатни бузмаслик ҳақида шундай дейилади:
«Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!» (Аъроф сураси, 56-оят).
Табиатни чиқиндилар билан ифлослантириш, сувни беҳуда исроф қилиш ва дарахтларни сабабсиз кесиш бузғунчиликнинг бир кўринишидир.
Экологик маданиятнинг энг гўзал намунаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларида намоён бўлади:
«Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, биронтангизнинг қўлида кўчат бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин» (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадис бизга ҳар қандай вазиятда ҳам табиатга ҳаёт бағишлаш, кўкаламзорлаштириш нақадар савобли иш эканини ўргатади.
Сув – ҳаёт манбаи. Ҳатто дарё бўйида таҳорат олганда ҳам сувни исроф қилмасликка буюрилганмиз. Бугунги ёшлар сув ва энергия ресурсларини тежаш орқали нафақат табиатни асрайдилар, балки динимизнинг муҳим талаби бўлган исроф қилмаслик тамойилига амал қиладилар.
Экологик маданият иймоннинг бир бўлагидир. Тозалик ва тартиб бор жойда барака бўлади. Шундай экан омонатни муносиб сақлайлик!
Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус диний таълим муассасаларининг барча курслари ва олий диний таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун янги 2026-2027 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида очилиш тадбирлари бўлиб ўтди.
Мазкур маросимларда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий ҳокимлик масъуллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.
Тадбирлар Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ва давлат мадҳияси билан бошланди.
Сўзга чиққан мутасаддилар барчани мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Юртбошимиз томонидан диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, яқинда ҳам бир гуруҳ уламолар “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани ёрқин далил экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жорий йилда Тошкент ислом институтини илк магистрлар тамомлагани, эндиликда докторантура ташкил этилиши режалаштирилаётгани ҳам айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, диний таълим муассасалари фаолияти йилдан-йилга такомиллашаётгани, жумладан, ўқув дастурлари замон талабига қараб янгилаб борилаётгани, кириш имтиҳонлари электрон тест шаклида ўтказилиб, энг муносиб талабалар саралаб олинаётгани, мударрис ва талабаларга ҳар жиҳатдан шароитлар ҳозирланаётгани, ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, талабалар астойдил ўқиб-ўрганиб, яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигига урғу қаратилди.
Тадбирлар давомида диний таълим муассасаларига ўқишга янги қабул қилинган талабалар ҳам сўзга чиқишди.
1-курс талабаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназар ҳазратлари номидан эсдалик совғалари улашилди.
Якунда Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, мустақиллигимиз абадий бўлиши ҳамда янги ўқув йили хайрли ва манфаатли кечишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг ўқув хоналарида “Мустақиллик дарслари” бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати