Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен фитр рўзамни ҳайит намозидан олдин бера олмаган эдим. Уни шу кунларда берсам ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Рамазон ҳайити куни ҳайит намозини ўқишдан олдин фитр садақасини адо этиб қўйиш мустаҳаб амал саналади. Ундан аввал бериб қўйиш ҳам мумкин. Лекин кимдир ҳайит намозигача ҳам адо эта олмаган бўлса, намоздан кейин ёки бошқа кунларда бериб қўяди. Чунки у адо этилмагунча зиммадан соқит бўлмай тураверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати