Ўзбекистон мусулмонлари идорасида фуқаролар билан мулоқотни янада мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган масалаларни тинглаш ва уларга ечим топиш мақсадида навбатдаги қабул бўлиб ўтди.
Муфтий ҳазратнинг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков қабул жараёнида юртимизнинг турли ҳудудларидан келган фуқароларнинг оилавий муносабатлар, хайрия ва саховат ишларини ташкил этиш, ижтимоий кўмак олиш, шунингдек, диний-маърифий масалаларга оид мурожаатларини тинглади.
Ҳар бир мурожаат мазмунан чуқур ўрганилиб, фуқароларни қизиқтирган саволларга асосли ва батафсил жавоблар берилди. Айрим муаммолар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш, таҳлил ва мувофиқлаштириш талаб этиладиган масалалар тегишли бўлимлар ва масъул мутахассисларга йўналтирилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Шу билан бирга, мурожаатчиларга амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, диний-маърифий меъёрлар ва жорий тартиблар асосида ҳуқуқий ва амалий тавсиялар берилди. Бу эса фуқароларнинг ўз муаммоларига тўғри ёндашувни шакллантиришида муҳим аҳамият касб этади.
Фуқаролар қабул давомида инсон қадрини улуғлаш, аҳоли дардига қулоқ тутиш борасидаги бундай мулоқотларни юқори баҳолаб, миннатдорлик билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати