Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳозирги кунда янги қурилаётган уйларга тўлов қилиб сотиб олаётган харидор уйни қабул қилмасдан туриб, уни сотиши мумкинми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Харидор тўлов қилган уйини қурувчидан тўлиқ қабул қилиб олмасдан туриб, сотиши мумкин эмас. Чунки унга берилиши керак бўлган уй ҳали қурилмаган бўлса, йўқ нарсани сотган бўлади. Қурилган, лекин харидорга топширилмаган бўлса, мулкида бўлмаган нарсани сотган бўлади. Ислом шариатига кўра йўқ нарсани ҳам, мулкида бўлмаган нарсани ҳам сотиш тақиқланади. Шу боис харидор уйни қурувчидан тўлиқ қўлга киритгандан кейингина сотиши мумкин бўлади.
Шундай бўлсада, ҳозирги кунда ислом молияси соҳасида параллел истисноъ деб аталаётган амалиёт орқали ушбу савдони жоиз қилиш мумкин. Лекин бу бироз мураккаб амалиёт ҳисобланади. Шунинг учун бу йўл билан олди-сотди қилмоқчи бўлганлар мазкур савдо турини яхши биладиган мутахассисга бевосита учрашиб, масалани тўлиқ билиб олгандан кейин қилишлари лозимдир. Акс ҳолда юқорида айтилган тақиқланган ишни қилиб қўяди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида диний-маърифий соҳада самарали фаолият юритаётган, жамиятда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ва ёшларни ёт ғоялардан асраш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари тақдирланди.
Тадбирда Қумқўрғон тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Эшқобилов иштирок этиб, йиғилганларни қутлуғ байрам билан самимий муборакбод этди ҳамда уларнинг эл-юрт осойишталиги ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишдаги хизматларини юқори баҳолади.
Маросимда фидойи соҳа ходимларига туман ҳокимлигининг ташаккурномалари ва байрам эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати