Замонавий дунёни интернетсиз тасаввур қилиш таъбир жоиз бўлса, ибтидоий даврга қайтиш билан баробар. У бизнинг кундалик эҳтиёжимиз, иш қуролимиз ва алоқа воситамизга айланди. Бироқ, донишмандлар айтганидек, ҳар қандай буюм ва жиҳознинг хатарли жиҳати бўлгани каби интернетнинг ҳам икки томони бўлиб, у икки тиғли пичоқ кабидир.
Интернетнинг биринчи томони бизнинг ҳаётимизни мисли кўрилмаган даражада осонлаштирди. Бугун шу томони билан дунёнинг энг нуфузли университетлари маърузаларини тингламоқдамиз, масофавий таълим ва онлайн курслар орқали ўз устимизда ишлаяпмиз. Навбатлар, соатлаб давом этадиган харидлар ҳам қисман ўтмишда қолаёзди. Коммунал тўловлардан тортиб, озиқ-овқатгача, барчаси сониялар ичида ҳал бўлмоқда. Дунёнинг нариги чеккасидаги яқинларимиз билан юзма-юз кўришиб гаплашгандек мулоқот қилинмоқда.
Агар пичоқни нотўғри тутсангиз, у албатта қўлингизни кесади. Мисол учун, ижтимоий тармоқлардаги чексиз ва мазмунсиз видеолар инсоннинг энг қимматли бойлиги бўлмиш вақтини беаёв совуради. Киберфирибгарлик, ёлғон ахборотлар (фейк), ёшлар тарбиясига салбий таъсир этувчи мазмундаги сайтлар инсон онгини заҳарловчи “ўткир тиғ”дир. Виртуал дунёда “дўстлари” кўп, аммо реал ҳаётда ёлғизланиб қолган инсонлар сони ортиб бормоқда.
Интернетдан манфаатли фойдаланиш учун бир нечта оддий, аммо ҳаётий қоидаларга амал қилиш зарур:
Интернет шунчаки восита. У ёмон ҳам, яхши ҳам эмас. Уни “фойдали ёки «ҳалокатли асбоб”га айлантирадиган нарса бизнинг танловимиздир. Рақамли дунёда яшар эканмиз, қўлимиздаги имкониятни фақат эзгулик, бунёдкорлик ва тараққиёт йўлида ишлатишни ўрганишимиз шарт.
Шермуҳаммад Болтаев,
Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо
масжиди имом-хатиби
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилояти вакиллигида шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Тадбирни вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов кириш сўзи билан очиб, йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллигимизнинг 35 йиллик байрами билан самимий муборакбод этди. Учрашувда давлатимиз Раҳбарининг тегишли Фармони билан бир гуруҳ диний соҳа ходимлари «Имом Бухорий» ордени билан тақдирлангани юртимизда маънавий-маърифий соҳага кўрсатилаётган юксак эътибор ва тарихий воқеа экани алоҳида эътироф этилди.
Йиғилишда «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» эзгу шиори остида воҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар, ёшларни Ватанга садоқат ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш борасидаги фаолият сарҳисоб қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида имом-хатибларга қуйидаги устувор вазифалар юклатилди:
Эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган ва якка-ёлғиз кексалар ҳолидан мунтазам хабар олиш;
Оилалар тотувлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш;
Масжидлар, қадамжолар ва қабристонларни ободонлаштириш ҳамда тозалик тадбирларида фаоллик кўрсатиш.
Йиғилиш якунида диний соҳа ходимларининг келгуси фаолиятига муваффақиятлар тиланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати