Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448
Мақолалар

Интернет — икки тиғли пичоқ

03.04.2026   14279   2 min.
Интернет — икки тиғли пичоқ

Замонавий дунёни интернетсиз тасаввур қилиш таъбир жоиз бўлса, ибтидоий даврга қайтиш билан баробар. У бизнинг кундалик эҳтиёжимиз, иш қуролимиз ва алоқа воситамизга айланди. Бироқ, донишмандлар айтганидек, ҳар қандай буюм ва жиҳознинг хатарли жиҳати бўлгани каби интернетнинг ҳам икки томони бўлиб, у икки тиғли пичоқ кабидир.

Интернетнинг биринчи томони бизнинг ҳаётимизни мисли кўрилмаган даражада осонлаштирди. Бугун шу томони билан дунёнинг энг нуфузли университетлари маърузаларини тингламоқдамиз, масофавий таълим ва онлайн курслар орқали ўз устимизда ишлаяпмиз. Навбатлар, соатлаб давом этадиган харидлар ҳам қисман ўтмишда қолаёзди. Коммунал тўловлардан тортиб, озиқ-овқатгача, барчаси сониялар ичида ҳал бўлмоқда. Дунёнинг нариги чеккасидаги яқинларимиз билан юзма-юз кўришиб гаплашгандек мулоқот қилинмоқда.

Агар пичоқни нотўғри тутсангиз, у албатта қўлингизни кесади. Мисол учун, ижтимоий тармоқлардаги чексиз ва мазмунсиз видеолар инсоннинг энг қимматли бойлиги бўлмиш вақтини беаёв совуради. Киберфирибгарлик, ёлғон ахборотлар (фейк), ёшлар тарбиясига салбий таъсир этувчи мазмундаги сайтлар инсон онгини заҳарловчи “ўткир тиғ”дир. Виртуал дунёда “дўстлари” кўп, аммо реал ҳаётда ёлғизланиб қолган инсонлар сони ортиб бормоқда.

Интернетдан манфаатли фойдаланиш учун бир нечта оддий, аммо ҳаётий қоидаларга амал қилиш зарур:

  1. Мақсадни белгиланг: Интернетга киришдан олдин ўзингизга савол беринг: “Ҳозир нима учун тармоққа киряпман?”. Аниқ мақсад (иш, ўқиш ёки 5 дақиқалик ҳордиқ) сизни тармоқда мақсадсиз кезишдан асрайди.
  2. Фильтр ўрнатинг: Ҳамма маълумот ҳам тўғри эмас. Олинган хабарни ақл чиғириғидан ўтказинг, унинг манбасини текширинг.
  3. Вақт лимити: Пичоқ билан кун бўйи нон кесилмайди. Интернетдан ҳам фақат керакли вақтда фойдаланинг. Қолган вақтни жонли мулоқот ва китоб мутолаасига ажратинг.

Интернет шунчаки восита. У ёмон ҳам, яхши ҳам эмас. Уни “фойдали ёки «ҳалокатли асбоб”га айлантирадиган нарса бизнинг танловимиздир. Рақамли дунёда яшар эканмиз, қўлимиздаги имкониятни фақат эзгулик, бунёдкорлик ва тараққиёт йўлида ишлатишни ўрганишимиз шарт.

Шермуҳаммад Болтаев,

Хоразм вилояти Шайх Қосим бобо

масжиди имом-хатиби

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳамдардлик билдирамиз

04.09.2026   45058   1 min.
Ҳамдардлик билдирамиз

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар "Жоме" жоме масжиди имом ноиби Нуриддин домла Ҳошимовнинг падари бузрукворлари Холбек ота Ҳошимовнинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.

Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.

Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуриддин домла Ҳошимовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.

Жаноза намози бугун соат 18:00 да Сирдарё вилояти Ховос тумани Гулбаҳор МФЙ Қайирма қишлоғида ўз хонадонида адо этилади.

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.

«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Muslim.uz

Ўзбекистон янгиликлари