Бухоро вилоятида жойлашган Мир Араб ўрта махсус ислом билим юртида Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Алишер домла Наимов ва талабалар билан учрашуви ташкил этилди.
Мулоқотда юртимизда Давлат раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда диний таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, таълим муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда, талабалар учун янада қулай ва замонавий шароитлар яратилмоқда. Бу эса келажакда юксак билимли, кенг дунёқарашга эга мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, учрашувда таълим даргоҳида таҳсил олаётган фарғоналик талабаларнинг ўқиш жараёни, яшаш шароити ва келгуси режалари билан қизиқилиб, уларга илмий изланишларда янада фаол бўлиш, вақтдан унумли фойдаланиш ҳамда юксак одоб-ахлоқ соҳиби бўлиб етишиш борасида тавсиялар берилди.
Тадбир доирасида талабалар учун дастурхон ёзилиб, самимий суҳбатлар давом этди. Бундай эътибор талабаларнинг кўнглини кўтариб, уларни янада илҳомлантирди.
Шу билан бирга, таълим муассасасига замонавий ўқув жараёнини қўллаб-қувватлаш мақсадида смарт доска совға қилинди.
Ушбу жиҳоз таълим сифатини янада ошириш, дарсларни замонавий усулларда ташкил этишга хизмат қилиши таъкидланди.
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан турли соҳалар вакиллари фахрий унвонлар, орденлар ва медаллар билан мукофотландилар.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Камилов Музаффар Муратович "Дўстлик" ордени билан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Абдухаликов Фирдавс Фридунович «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан, мазкур академиянинг "Араб тили ва адабиёти ал-Азҳар" кафедраси профессори Исломов Зоҳиджон Маҳмудович «Имом Бухорий» ордени билан ва академия ҳузуридаги "Зиё" медиа маркази директори Мухтаров Абдухамид Абдуахатович "Шуҳрат" медали билан тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси доимий ҳамкор ташкилотларимиз раҳбарлари ва устозларни мазкур юксак мукофотлар билан муборакбод этиб, Аллоҳ таолодан мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва муборак динимиз ривожи йўлидаги фаолиятларида янгидан-янги муваффақиятлар тилаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати