Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини Беруний кўчаси 17-уйда яшовчи оиланинг яшаш шароити яхши эмас эди. Оила бошлиғи 2017 йилда вафот этгани боис беш нафар фарзанд билан ёлғиз қолган Меҳрибан Қошимбетова ҳаётнинг оғир синовларига дош бериб келаётганди.
Ушбу оилага кўмак бериш мақсадида "Вақф" хайрия жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳомийларни жалб қилган ҳолда хайрли ишни амалга оширди. Мазкур манзилдаги эски уй тўлиқ бузилиб, ўрнида барча замонавий шароитларга эга 4 хонали уй қуриб битказилди.
Куни кеча мазкур хонадон Меҳрибан Қошимбетова ва унинг беш нафар фарзандига тантанали ҳолатда топширилди.
Аллоҳ таоло эҳтиёжманд оиланинг турмуш даражасини яхшилаш, болаларнинг муносиб шароитда камол топишига ўз ҳиссасини қўшган, уларга бир олам хурсандчилик улашган саховатли ҳомийлардан, қўли гул усталардан, барча халқимиздан рози бўлсин.
Vaqf.uz
АҚШнинг Сиэтл шаҳри мери Кети Б. Уилсон 2026 йил 1 сентябрни “Ўзбекистон Мустақиллиги куни” деб расман эълон қилди. Бу ҳақда шаҳар мери томонидан имзоланган махсус прокламацияда қайд этилган.
Ҳужжатда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги, мамлакатнинг шу давр мобайнида суверенитет, тараққиёт ва кенг кўламли ўзгаришлар йўлини босиб ўтгани алоҳида таъкидланган.
Шунингдек, прокламацияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги энг кўп аҳолига эга давлат экани, иқтисодиёт йиллик 5–6 фоиз атрофида ўсиб бораётгани, очиқ бозор ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга интилаётгани қайд этилган.
Ҳужжатда Ўзбекистоннинг қадимий Ипак йўли марказида жойлашгани ва бугунги кунда 100 миллиондан ортиқ истеъмолчини қамраб олувчи минтақага стратегик дарвоза вазифасини бажараётганига ҳам урғу берилган. Бу эса савдо, инвестиция, логистика, технология ва энергетика соҳаларида Сиэтл бизнес ҳамжамияти билан ҳамкорлик учун катта имконият сифатида баҳоланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Сиэтлдаги Бош консуллиги фаолияти икки томон ўртасида одамлар, бизнес ва давлат идоралари даражасида узоқ муддатли алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланган.
https://t.me/Rasmiy_axborot_official