Имом Абу Бакр ал-Хаббозий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Мен қаттиқ касал бўлиб қолдим. Солиҳ бир қўшним мени кўргани келиб, бундай деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амалга қилинг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касалларингизни садақа билан даволанглар”, деганлар.
Ўша пайт ёз фасли эди. Мен кўп миқдорда тарвуз сотиб олдим. Камбағаллар ва болаларни йиғиб, уларни тарвуз билан меҳмон қилдим. Улар тарвузни еб бўлгач, қўлларини кўтариб, Аллоҳдан менга шифо сўраб дуо қилдилар.
Аллоҳга қасамки, эрталаб мен Аллоҳ таолонинг инояти билан соғайиб уйғондим».
(Шамсиддин Заҳабий. “Сияр аъломун-нубала”. 44/18).
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманидаги «Зомин» жоме масжидида диний соҳа ходимлари фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ташкилий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сирдарё вилояти вакиллиги раҳбарияти, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари, ҳудуд масжидлари имомлари, отинойилар, «Ҳаж» зиёратчилари ҳамда МФЙ раислари қатнашди.
Учрашувда юрт тинчлигини асраш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ҳамда нохуш ҳолатларнинг олдини олиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир доирасида амалий саъй-ҳаракатлар ҳам олиб борилди:
Имом-хатиблар ва отинойилар маҳаллалардаги эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига ташриф буюрдилар.
Жараёнда жами 112 та хонадон (имом-хатиблар томонидан 83 та, отинойилар томонидан 29 та оила) ҳолидан хабар олиниб, уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди.
Фуқароларга маънавий-маърифий далда берилиб, зарур амалий ёрдамлар кўрсатилди.
ЎМИ Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати