Шу йилнинг 6 апрель куни Гулистон шаҳридаги “Гулистон” жоме масжидида Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров раҳбарлигида вилоятдаги имом-хатибларнинг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Тадбирда Сирдарё вилояти ҳокимлиги котибият мудири Абдураҳмон Назирқулов ҳам иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибидан диний-маърифий фаолиятни жадаллаштириш, ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш ва юрт ободлигига ҳисса қўшиш каби муҳим масалалар ўрин олди.
Вилоят бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ домла Зокиров ўз нутқида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамиятига тўхталиб ўтди. Масжидлар атрофини кўкаламзорлаштириш, мевали ва манзарали дарахтлар экиш ҳамда ҳудудларда озодаликни сақлаш имом-хатибларнинг диққат марказида бўлиши лозимлиги таъкидланди.
Мулоқот давомида маҳалла “еттилиги” билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, фуқаролар йиғинларида фаол иштирок этиш ва аҳоли билан бевосита мулоқотни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, хориждаги ватандошларимиз ва меҳнат мигрантлари билан доимий алоқада бўлиш, уларнинг оила аъзоларидан хабар олиш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Вилоят ҳокимлиги масъули Абдураҳмон Назирқулов сўзга чиқиб, масжидларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, ижтимоий кўмакка муҳтож қатламни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли орасида соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлашда диний соҳа ходимларининг ўрни беқиёс эканини қайд этди.
Йиғилиш якунида имом-хатибларга берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, касбий масъулиятни ошириш ҳамда жамоатчилик билан ишлашда ташаббускор бўлиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати