2026 йил 7 апрель куни "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом билим юртида битирувчи курс талабалари учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти масъул ходимлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Билим юрти мудири Жалолиддин Абдиразоқов бошчилигида ўтган учрашувда асосий эътибор ёш мутахассисларнинг истиқболдаги фаолиятига қаратилди.
Мулоқот давомида жорий ўқув йилида таълим муассасасини тамомлаётган 35 нафар талабага уларнинг иш жойлари бўйича тақсимоти, келажакдаги хизмат вазифалари ва соҳада кутилаётган масъулиятли жараёнлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир якунида битирувчиларга диний соҳа ривожи йўлида амалга ошириладиган ишлар юзасидан зарур тавсия ва кўрсатмалар тақдим этилди.
Билим юрти матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ