Ўзбекистон мусулмонлари идорасида навбатдаги фуқаролар қабули бўлиб ўтди.
Идора раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов бошчилигида ўтказилган қабулда юртдошларимиз томонидан айтилган турли масалалар юзасидан билдирилган мурожаатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Мурожаатчилар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб борилиб, уларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар берилди. Хусусан, масжидлар ҳолати, оилавий муносабатлар, ижтимоий кўмак, хайрия ишлари, ҳаж ва умра каби масалалар юзасидан шаръий ва ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Айрим мурожаатлар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этилган масалалар эса тегишли бўлим ва масъул ходимларга юклатилиб, ижроси назоратга олинди.
Қабул иштирокчилари ўзларига кўрсатилган эътибор, диний соҳа ходимлари томонидан кўрсатилаётган хизмат ва кўмаклар учун миннатдорлик билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Истанбул шаҳрининг Арнауткўй туманида жойлашган “Колён Холдинг” қурилиш компаниясида фаолият юритаётган 150 нафарга яқин ўзбекистонлик ишчи-хизматчилар билан маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Хизмат сафари билан Туркияда бўлиб турган Наманган вилоят бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов ва Қарши шаҳридаги “Араловул” жоме масжиди имом-хатиби Одилжон домла Жабборов юртдошларимиз билан «Исломда одоб ва ахлоқ» ҳамда «Ватанга муҳаббат» мавзуларида самимий суҳбат қурди.
Мулоқот чоғида ислом динида гўзал хулқ, катталарга ҳурмат, ҳалол меҳнат ва меҳр-оқибат каби эзгу фазилатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.
Шунингдек, мусофир юртда юрган ватандошлар учун юрт шаънини муносиб сақлаш, қонун-қоидаларга қатъий амал қилиш ҳамда Ватан қадрини теран англаш лозимлиги таъкидланди.
Самимий руҳда кечган тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати