Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар:
"Жаннат аҳлларининг барчалари хушмуомала, ширин, дарҳол одамга ёпишиб кетадиган бўладилар. Дўзах аҳллари эса ҳаммалари қаҳри қаттиқ, дағал ва бешафқат кимсалардир".
Шунда саҳобалар:
– Ё Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам, бешафқат киши қандай бўлади? – деб сўрадилар.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Улар уйидагиларига, дўсту қариндошларига дағал муомала қилувчилардир, деб жавоб бердилар (Ашъарийдан ривоят қилиган, Табароний, Дайлами ривояти).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Наманган вилоятига сафарлари давомида вакилликнинг янги биносида туман-шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Муфтий ҳазратлари юртимизда давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар ҳамда соҳа ходимлари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида сўз юритар экан, имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги иш фаолиятларини жадаллаштиришлари зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, соҳа ходимларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, имомларнинг илмий салоҳиятини ошириш ва хорижда касб-маҳоратини юксалтириш борасидаги ишлар алоҳида эътироф этилди.
Таҳлилий мажлисда жорий йилнинг биринчи ярмида вилоят имом-хатиблари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, 40 мингта маърифий тадбир, ОАВларда 9 мингта чиқишлар қилиниб, 5 500 нафар фуқаронинг мурожаати ҳал этилгани, 5 300 та мигрант оилалари билан мулоқот қилингани ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 5 млрд сўм, мадрасаларга эса 800 млн сўмлик хайрия ёрдамлари кўрсатилгани юқори баҳоланди.
Йиғилишда Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги олдидан ҳамда "Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги" доирасида масжидларни ободонлаштириш, тозалик ва техник хавфсизлик чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди. Шу билан бирга, Фатво маркази фаолияти, ўз устида ишлаш, имом-хатиблар фаолиятини рақамлаштириш ҳамда muftiy.uz мобиль иловаси имкониятларидан самарали фойдаланиш таъкидланди.
Муфтий ҳазратлари сўзлари ниҳоясида ҳар бир бош имом-хатиб ўз ҳудудида фаолият юритаётган дин пешволарининг фаолиятларини таҳлилий ўрганиб, масъулият, садоқат, фидоийлик ва ташаббускорлик билан хизмат қилишларини таъминлаши лозимлиги айтилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати