Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448
Янгиликлар

Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди

09.04.2026   15780   3 min.
Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди

Президент Шавкат Мирзиёев Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топганининг 690 йиллиги муносабати билан реконструкция қилинган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди.


Маълумки, Мовароуннаҳрни ягона давлат сифатида бирлаштирган Соҳибқирон пойтахти Самарқанд бўлган қудратли салтанат тузди. Ўзининг дунёга машҳур “Темур тузуклари” орқали давлатни бошқаришнинг ҳуқуқий мезонларини белгилаб берди. Илм-фан ва маданият ривожига ҳам беқиёс ҳисса қўшиб, Иккинчи уйғониш даври – темурийлар Ренессансига асос солди.


Унинг даврида бунёд этилган бебаҳо обидалар ўзбек халқининг миллий ғурури ва ўлмас тарихий мероси бўлиб хизмат қилмоқда.


Бобомизнинг “Адолат ҳар бир ишда ҳамроҳимиз ва дастуримиз бўлсин”, дея таъкидлаган ҳикматли сўзлари бугун Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларда яққол акс этмоқда.


Ушбу улуғ зот таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида жорий йил 5 февраль куни Президентимизнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Ҳужжатга кўра, ҳар йили апрель ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, таълим муассасалари, илмий марказлар ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ва маърифий тадбирлар ўтказилади.


Қарор ижроси доирасида дунёдаги машҳур музейларнинг энг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда Темурийлар тарихи давлат музейи биноси реконструкция қилинди, замонавий жиҳозлар билан таъминланди. Рақамлаштириш орқали имкониятлари кенгайтирилиб, экспозициялари янгиланди, жумладан, хориждаги тўпламлардан харид қилинган экспонатлар билан бойитилди.


Жумладан, музейнинг биринчи қаватида “Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси” бўлими ташкил этилди. Иккинчи қаватда эса сунъий интеллект ва “ақлли” технологиялар асосида Амир Темур даври ва темурийлар ҳақида интерактив экспозициялар жойлашган. Шунингдек, 3D форматдаги экспонатлар ҳамда хариталар намойиш қилинган.


Давлатимиз раҳбари Темурийлар тарихи давлат музейининг янгиланган экспозицияси ва ташриф буюрувчилар учун яратилган шароитлар билан танишар экан, аждодлар меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва тарғиб этишнинг нақадар муҳим эканига урғу берди.


– Дунё ҳавас қилгулик тарихимиз, меросимиз бор. Соҳибқирон тарихини жамлаган музей замонга муносиб янги қиёфага келгани яхши бўлди. Энди буни аҳолимизга, ёшларга, хорижлик меҳмонларга етказиш энг катта вазифамиз. Янги Ўзбекистонни юксалтириш учун керакли билимларни қаердан олиш мумкин десангиз, буларнинг барчаси – аждодларимиз қолдирган меросда, илмда. Шу боис, ёшларимизни, нуронийларни, умуман, аҳолимизни маҳаллабай тарзда музейларга олиб келиб, буюк тарихимиз ҳақидаги билимларини оширишимиз лозим, – деди давлатимиз раҳбари.


Президент Шавкат Мирзиёев ташриф асносида Темурийлар тарихи давлат музейининг меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.


President.uz

 

Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди Президентимиз янгиланган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрди
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

25.08.2026   10087   2 min.
Қарийб 50 мамлакат журналистлари янги Имом Бухорий мажмуаси ва Самарқанднинг асосий ёдгорликларини зиёрат қилади

«Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми иштирокчилари 27 август куни Самарқандга йўл олади. Улар янгидан бунёд этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Имом Бухорий номидаги Инновацион музей билан танишади. Куннинг иккинчи ярмида эса иштирокчилар учун шаҳарнинг тарихий-маданий мерос объектлари, жумладан, ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ёдгорликлар бўйлаб махсус дастур ташкил этилади, хабар бермоқда iccu.uz.

Ёдгорлик мажмуаси Самарқанд вилояти Пайариқ туманида, буюк муҳаддис ва илоҳиётшунос Муҳаммад ал-Бухорийнинг (810–870) дафн этилган жойида жойлашган. У «Саҳиҳи Бухорий» тўплами муаллифи бўлиб, мазкур асар сунний исломдаги энг мўътабар ҳадис тўпламларидан бири ҳисобланади.

Кенг кўламли реконструкциядан сўнг мажмуа 2026 йил баҳорида зиёратчилар учун қайта очилди. Унинг умумий ҳудуди 45 гектарни ташкил этади. Бу ерда 10 минг кишилик масжид, маъмурий ва хизмат кўрсатиш бинолари, 154 устунли айвон, 14 та мовий гумбаз ва баландлиги 75 метр бўлган тўртта минора барпо этилган. Реконструкциядан сўнг мажмуанинг кунлик қабул қилиш қуввати 12 минг нафардан 65 минг нафаргача ошди.

Мажмуанинг марказий қисмларидан бири — тўққизта павильондан иборат янги Имом Бухорий Инновацион музейидир. Экспозиция алломанинг ҳаёти, ҳадисшунослик тарихи ва унинг илмий меросига бағишланган. Шунингдек, музейда Қуръонда зикр этилган пайғамбарлар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Макка ва Мадинадаги ҳаёти ҳамда ёзма ҳадис тўпламларининг шаклланиш тарихи ҳақида маълумотлар берилган.

Мажмуа яқинида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳам фаолият юритади. Марказ ислом илмий ва қўлёзма меросини, жумладан, Марказий Осиёнинг ўрта аср олимлари асарларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар ва таржималар тайёрлаш, шунингдек, халқаро илмий алмашинувни ривожлантириш билан шуғулланади.

Мажмуага ташрифдан сўнг форум иштирокчилари тарихий Самарқанд билан танишади. Шаҳарнинг асосий меъморий ёдгорликлари қаторига Регистон, Бибихоним масжиди, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Гўри Амир мақбараси киради. ЮНЕСКО ушбу тўрт объектни 2001 йилда «Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси» номи билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий шаҳарнинг асосий ёдгорликлари сифатида эътироф этади.

Самарқанд босқичи 24–28 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтадиган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» Халқаро медиафоруми дастурининг бир қисми бўлади.

Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана

Ўзбекистон янгиликлари