Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғини 19-уйда яшовчи Мадина Қурбонованинг эски, хароба ҳолатдаги хонадони таъмирлаб берилди.
Оғир шароитда яшаб келган оиланинг уйи қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Уй эгалари бу қувончли лаҳзада самимий хурсандчилик билдириб, дуолар қилишди.
Мазкур хайрли ишлар саховатли инсонларнинг эҳсонлари сабаб амалга оширилмоқда
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Яхшилик қилсангиз — ўзингиз учундир." (Исро сураси, 7-оят)
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар:
"Раҳм қилганларга Раҳмон ҳам раҳм қилади."
Шу каби эзгу ишлар орқали яна кўплаб оилаларнинг ҳаётига нур кириб бормоқда.
Сиз ҳам яхшиликка сабабчи бўлинг!
ЎЗИНГИЗ ХОҲЛАГАН ЙЎНАЛИШНИ ТАНЛАНГ ВА ЭҲСОН ҚИЛИНГ!
манба:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик айёми ҳамда янги ўқув йили муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлими томонидан юртимиз бўйлаб кенг кўламли хайрия тадбирлари ўтказилди.
Мазкур хайрли ташаббус асосида Республикамизда фаолият юритаётган 2 161 та масжид ходимлари иштирокида 11 144 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларига мактаб формалари ва ўқув қуроллари беғараз ҳадя қилинди.
Ушбу акция доирасида ажратилган кўмакнинг умумий миқдори 4 миллиард 929 миллион 995 минг сўмни ташкил этди.
Шунингдек, жорий йилда «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан ҳам 1500 нафар етим ва чин етим болаларга байрам совғалари ҳамда мактаб формалари ва ўқув қуроллари ҳадя қилинди. Хусусан, Фарғона вилоятида 302 нафар, Самарқанд вилоятида 243 нафар ва Қашқадарё вилоятида 215 нафар боқувчисини йўқотган ўқувчиларга ёрдамлар кўрсатилди.
Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад – ёш авлоднинг сифатли таълим олишига кўмаклашиш, уларни янги ўқув йилига муносиб тайёрлаш ҳамда қалбларида байрам қувончи улашишдир.
Истиқлол байрами арафасида амалга оширилаётган бундай хайрия тадбирлари юртимизда инсон қадри, болалар манфаатлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий намунаси, дейиш мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати