Ўзбекистон мусулмонлари идораси Кадрлар бўлими бош мутахассиси А. Бобомирзаев, Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими етакчи мутахассиси М. Ходжаев ҳамда Масжидлар билан ишлаш бўлими етакчи мутахассиси Д. Раҳимов Ҳадис илми мактабида бўлди.
Ташриф доирасида битирувчи талабаларнинг иш тақсимоти масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Масъуллар томонидан ёш мутахассисларни ишга йўналтириш, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш юзасидан муҳим маслаҳат, таклиф ва амалий тавсиялар берилди.
Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтиб, талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати