Мамлакатимизда ёшларни ўз соҳада етук мутахассис этиб етиштириш, уларни масъулиятли ва ўз хизматига фидоий қилиб тарбиялаш борасида “Саййид Муҳйиддин махдум” ўрта махсус ислом таълим муассасасида муҳим тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Масжидлар бўлими бошлиғи Музаффар Камолов ва Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов таълим муассасасида бўлишди.
Дастлаб талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди. Сўнг битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашув давомида 42 нафар битирувчи талабанинг келгуси фаолияти ҳақида сўз борди. Мулоқот давомида битирувчи талабалар ўз олдиларига аниқ мақсадларни қўйганлари намоён бўлди. Хусусан, ёшларнинг араб, инглиз ва немис тилларини пухта эгаллагани уларнинг нафақат юртимиз, балки Ўзбекистон мусулмонлари идораси тавсияси асосида халқаро миқёсда ҳам диний хизмат олиб бориш имкониятини кенгайтириши алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, учрашувда таълимни юқори босқичларда давом эттириш истагида бўлган ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
Маълумот учун, муассасанинг ўтган йилги битирувчиларидан 4 нафари Иорданиядаги Ислом илмлари университетида таҳсилни давом эттирмоқда. Бу каби ижобий натижалар муассаса раҳбарияти ва мударрисларнинг фидокорона меҳнати ҳамда тажрибали устозларнинг мунтазам тарғибот ишлари самараси ҳисобланади.
Самимий руҳда ўтган йиғилиш якунида ёшларни тўғри йўналтириш ва уларга устозлар тажрибасини етказиш орқали динимиз ва юртимиз равнақи йўлида хизмат қиладиган салоҳиятли кадрлар бўлишига ишонч билдирилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Янги ўқув йили ва мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Қашқадарё вилоятида яна бир хайрли ташаббус амалга оширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги ва саховатпеша юртдошларимиз ҳамкорлигида Қарши шаҳридаги 100 нафар эҳтиёжманд оила фарзандига янги ўқув қуроллари тўпламлари беғараз топширилди.
Қўлида янги портфель ва китоб-дафтар тутган жажжи ўқувчиларнинг юзидаги самимий табассум ва қувонч бу эзгу ишнинг нақадар қадрли эканини кўрсатди. Зеро, илм истаган қалбга қанот бўлиш — энг улуғ савоблардандир.
Тадбир якунида хайрияда ҳисса қўшган барча саховатпеша инсонлар ҳақига дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати