Жорий йилнинг 10 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ва Молиявий назорат ва тафтиш бўлими мудири Исломиддин домла Зуҳриддинов, Масжидлар билан ишлаш бўлими мудири Музаффар домла Камолов Наманган вилоятига ташрифи доирасида «Ҳидоя» ўрта махсус ислом таълим муассасасида бўлди.
Ташриф давомида ташкил этилган маданий-маърифий тадбирда соҳадаги ислоҳотларнинг бугунги ҳолати ва келажакдаги истиқболлари муҳокама қилинди. Зайниддин домла ўз маърузасида ёш авлоднинг маънавий қиёфаси, илмий салоҳияти ва одоб-ахлоқи масалаларига урғу бериб, толиби илмларга муҳим ҳаётий тавсияларини берди.
Талаба-ёшларнинг дунёқарашини кенгайтириш ва уларни диний-миллий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган ушбу учрашув очиқ ва конструктив мулоқот руҳида якунланди.
Ravza.uz
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси I Халқаро форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозодани қабул қилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари шайхулислом томонидан туҳфа этилган, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарларининг умумий саъй-ҳаракатларига бағишланган “Қардошлик ва иттифоқчиликнинг олий нуқтаси” китоби учун миннатдорлик билдирди.
Мулоқот давомида миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, ёшларнинг маънавий тарбиясини юксалтириш ва бошқа масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Президенти икки томонлама маданий-маърифий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим таклифларни илгари сурди.
Исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини ёшларга содда ва қизиқарли тарзда тушунтириш учун рақамли платформалар ва интерактив таълим воситаларидан фойдаланишда илмий салоҳиятни бирлаштириш зарурлиги қайд этилди.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Оллоҳшукур Пошшозодага мусулмон дунёси илм-фанига қўшаётган улкан ҳиссаси учун Ўзбекистоннинг “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.