Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси ўринбосари Ойбек домла Жўловшиевнинг падари бузруквори Аристангали отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Ойбек домлага, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен яқинда бир видео кўрдим. Унда хўроз боқиш, айниқса, оқ хўроз боқиш суннат экани, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам уйларида хўроз боққанлари айтилган экан. Шундай мазмунда ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳадис соҳасида етук алломалар хўроз ҳақида келган иккита ҳадис саҳиҳ, аммо бошқалари, хусусан, оқ хўроз ҳақидаги ҳадисларни тўқима ёки ўта заифдир деганлар. Икки ҳадиснинг бирини имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хўрозни сўкманглар, чунки у намозга уйғотади”, деганлар.
Иккинчисини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўрознинг қичқиришини эшитсангиз, Аллоҳдан фазл-марҳамат сўранг, чунки у фариштани кўрган”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази