Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Умрингиз чегараланган. У хурсандчилик, шодлик, розилик, сакинат ва қаноат умридир. Очкўзлик, тама ва безовталик сизнинг умрингиздан эмас, балки улар сизнинг соғлиғингиз, тинчлигингиз ва чиройингизга зид келадиган, зарар берадиган нарсалардир. Шундай экан, сиз доимо Аллоҳдан рози, сизга берилган нарсага қаноатли, тақдирга иймонли ва келажакка яхши умидли бўлинг. Сиз сояси жуда оз, кўрган инсонни қувнатадиган, арзон нарсларга боғланиб қолмаган ва гулдан гулга қўниб, боғдан боғга сайр қиладиган гўзал капалак каби бўлинг. Ёки пок нарса тановул қилиб, пок нарса берадиган, бирор гулга қўнса уни синдирмайдиган, хушбўй нарсага қўниб, уни яраламайдиган, асал бериб, чақмайдиган ва муҳаббат ила парвоз этадиган асалари каби бўлинг.
Шуъла: Аллоҳ таоло кўп тавба қилувчиларни севади. Чунки улар Унга қайтишган ва ҳолатларини У зотга шикоят этишган.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати