1. Ким Аллоҳга таваккул қилса, У Зот унга кифоя қилади.
2. Ким Аллоҳ билан (Унинг Ўзидангина сўраб) бой бўлишни истаса, У Зот уни бой қилади.
3. Ким Аллоҳдан паноҳ изласа, У Зот уни Ўз паноҳига олади.
4. Ким "Алҳамдулиллаҳ"ни лозим тутса, унга яхшиликлар кетма-кет келади.
5. Ким "Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ"ни лозим тутса, унинг учун ёпиқ эшиклар очилади.
6. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни лозим тутса, гуноҳи мағфират қилинади ва ташвишларига кифоя қилинади.
7. Ким Аллоҳни кенгчилик (фаровонлик) пайтида таниса, Аллоҳ уни қийинчилик пайтида танийди.
Аллоҳим, бизни Ўзингга юзланганлардан, лутфингга умид қилганлардан, ҳузурингга тавба ила қайтганлардан ва мулоқотингга интизор бўлиб кўз ёш тўкувчилардан қилгин.
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати