Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Сентябр, 2026   |   7 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:06
Пешин
12:17
Аср
16:38
Шом
18:32
Хуфтон
19:47
Bismillah
18 Сентябр, 2026, 7 Рабиъус сони, 1448

13 йил очилмаган хатлар

14.04.2026   14173   9 min.
13 йил очилмаган хатлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Илм таҳсил қилишда ва илмдан ҳақиқий насибадор бўлишда олимлар бир қанча воситаларни санаб ўтганлар. Хусусан, Шайх Муҳаммад Аввома ҳазратлари ўзларининг “Маъалим иршадийя фи синаъати толиби илм” (Ҳақиқий талаба етиштиришдаги йўл-йўриқлар) асарида илм таҳсил қилиш жараёнида – “тафарруғ” яъни, буткул илм учун ажраб чиқиш, илм олишдан тўсадиган ҳар қандай ишлардан фориғ бўлишни алоҳида боб сифатида келтирадилар. Бу борада олимларнинг ақлбовар қилмас ҳикоялари бор-ки, илм ўрганаётган ҳар бир талабани жиддий ўйлантиради.

Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ айтади: “Илм олишдан ва илмда юксак чўққиларни забт этишдан тўсадиган омиллар шу қадар кўп-ки, уларни санаб чиқиш мушкил иш. Шу боис, толиби илм ўз-ўзини ҳамда қимматли вақтини назорат қилиб бориши, зиммасидаги мажбуриятларини адо қилишдан маън қиладиган, чалғитадиган ишлардан узоқ туриши шартдир! Ҳар қандай илмдан чалғитадиган нарсаларни нажоти йўлидаги тўсиқ ва тўғаноқ деб билиши керак. Илмга мутлақ ажраб чиқиш ва бор-будини сарф қилишнинг нақадар зарурий эканлигини Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг сўзларидан англаб олсак бўлади: “Илм шундай (буюк) ишки, унга то бор-йўғингни бағшида қилмагунингча, сенга бир қисмини ҳам бермайди. Агар сен унга борингни берсанг – бир қисмини сенга бериши ҳам насия (хоҳласа беради, хоҳласа йўқ)” (Хатиб Бағдодий, “Тарих”)

Ушбу жумлалар ортидан Хатиб Бағдодий фақиҳ Абу Аҳмад Наср ибн Аҳмад Иёзийнинг гапини келтиради: “Ушбу илм (шариат илмлари)га дўконларини тарк қилган, боғу роғларини қаровсиз қолдирган, дўстларидан узоқда бўлган ҳамда яқинлари вафот этиб, жанозаларига қатнаша олмаган инсонгина ета олади”. Ибн Аҳмад Иёзий ўз гапларининг амалий исботи ўлароқ Қози Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан ҳеч ҳам ажрамаган, узоқ муддат ёнларида юриб илм таҳсил қилиб, ҳанафий фиқҳида машҳур фақиҳ рутбасига етган.

Илмга буткул ажраб чиққанлар орасида Имом, Ҳофиз Мунзирий роҳимаҳуллоҳнинг ҳам ҳикояси бор:

“У киши Қоҳирадаги “Комилийя” Ҳадис мактабида илм берар эди. Бир куни 30 ёшлар орасидаги Муҳаммад исмли фарзанди вафот этди. У илмда анча кўзга кўриниб қолган ёш олимлардан эди. Мунзирий фарзандининг жанозасини мадраса биносининг ҳовлисида ўқиди ва тобутини мадраса эшигигача кузатиб борди. Кўзларидан шашқатор ёшлари оққан ҳолда: “Эй, жигарпорам! Сени Аллоҳ таолога омонат топшираман”, деди-да, мадраса ҳовлисига қайтиб кирди” (Тожиддин Субкий, “Тобақот”).

Яна шунга яқин ҳикоялардан бирини раҳматли Ҳазрат отам айтиб берган эди: “Шайх, аллома Муҳаммад Роғиб Тоббах роҳимаҳуллоҳнинг катта ўғиллари Муҳаммад вафот этганидан бир кун ўтиб ўзининг нашр ишларига – “Матбаъати илмийя”га қайтган эди. У киши  жанозанинг эртасига “Хусравийя” мадрасаси (Ҳалабдаги дунёвий институт)га дарсга келади. Талабалар устознинг дарров дарсга келганидан ҳайратга тушишади ва орада висир-висирлар тарқалди. Гап-сўзлар шайхнинг ҳам қулоғига етади: “Катта ўғлини яқинда кўмиб келганди-я…” Уларга қарата шайх айтди: “Боламдан-ку, айрилиб, хасрат ўтида ёнмоқдаман. Энди илмнинг баракасидан ҳам мосуво бўлиб яна хасрат чекайми?!”

Имом Сулайм ибн Айюб Розий раҳимаҳуллоҳ ҳақида Субкий “Тобақоти Вусто”да қуйидагича баён қиладилар: “Сулайм Рай шаҳридан илм олиш учун Бағдод сари йўл олди. Айтилишича, илм олиб юрган кезларида унга оиласидан ора-сира хат келиб турар эди. У бирорта хатни очиб ҳам кўрмасди. Фақат йиғиб, тўплаб борарди. Ўзи кўзлаган маълум бир йиллар  ўтганидан кейин хатларни очиб кўрди. Уларда кимнингдир вафот этгани ва яна кўплаб илм олишдан тўсиқ бўладиган яқинларининг хабарлари ёзилган эди”.

Муҳаммад Аввома айтади: “Илм олиб юрган кезларимнинг бошларида шунга ўхшаш хабар қулоғимга чалинган эди. Шайх Аҳмад ибн Абдулкарим Турмониний Ҳалабий ҳазрат Азҳари Шарифда 13 йил илм таҳсил қилибдилар. Бу муддат оралиғида уйларидан хатлар келиб турар, бирортасини ҳам очмас, уларни хонанинг токчасига қўйиб борар экан. Таълим муддати тугаб, уйга қайтишдан олдин хатларни ўқий бошлабдилар. Уларнинг баъзисида кимдир вафот этгани, яқин қариндоши турмуш қургани ва яна қандайдир содир бўлган ўзгаришлар ёзилган экан. У киши мазкур хабарлар илм олишдан тўсиқ бўлишини, юракка яқин хабарлар эса буткул илм даргохини ташлаб кетишига сабаб бўлиб қолишини жуда яхши билар эдилар!” (Иқтибос тугади).

Энди таълим олаётган ҳар бир талаба (ўзимизга ҳам) ҳақли савол туғилади – бизнинг ҳаётимизда илм нечанчи ўринда? Унга қанча куч ва вақт сарфлаяпмиз? Қози Абу Юсуф айтганларидек илмдан бир нима олиш учун борлиғимизни бермаётганимиз аниқ! Баъзи соатимиз ёхуд баъзи дақиқаларимизни ажратар эканмиз, ана шу вақтда бирорта чалғитувчи иш, хабар ва ўй-хаёллардан фориғмизми? Айтайлик, бир кунда дарс учун 2 соат ажратсак, шунинг неча дақиқаси соф илм таҳсили учун сарф бўлмоқда?!

13 йил хатларни ўқимаслик у ёқда турсин, қўл телефонимиз 24/7 тартибида ишлайди. Интернет ҳам мунтазам ёниқ. Намоз, дарс, таом, уйқу сафар ёки учрашувлар билан бандлигимизда ҳам “жиринг” этган хабарномани албатта очиб ўқиймиз. Ҳаттоки, светафорда турганда ҳам телефон титамиз. Соатлаб reels томоша қиламиз. Зеҳнимизни банд қиладиган маълумотларни яхши кўрамиз. Қайси футболчи қайси жамоага қабул қилинган, қайси санъаткор ким билан дебат қилган, қайси фудблогер янги таомни реклама қилган, яна қайси ошпаз эркак хотинига яшил сомса қилиб берганини мароқ билан томоша қиламиз.

Аксар мавзулари бефойда бўлган “гап” ва “чойхона”лар, кети тугамайдиган ўтиришлар, бемаза телефондаги ўйинлар, акцияга тушган маҳсулотлар, қимматбаҳо машиналар, уларнинг бир-биридан фарқлари, кунлик ретцептлар, янгидан-янги брендлар ва ҳаказо! Санаса, шайҳ Аввома айтганларидек, адо қилиб бўлмайди.

Боболари Бухорий, Термизий, Жомий, Темурлар бўлган биз авлодлар на дунё ишини ва на дин илмларини пухта ўрганишга тоқатиз йўқ. Брендларни соатлаб санаб, фарқлаб, хулоса қилиб қаердан неча пулга, неча кунда харид қилишгача “илм” таҳсил қилганмиз, бироқ, икки дунё ободлиги ва нажоти бўлган, Пайғамбарлар мероси ўлароқ Бухорийлар қолдирган илмдан 15 дақиқа тўхтамай, бехато маълумот айта олмаймиз. Ўқиётган илмларимиз чала, узуқ-юлуқ. Бир илмни ҳаққини бериб ўрганиш пайида эмасмиз. Боболаримизнинг нечтасини исми ва ёзган асарини санаб бера оламиз, ақалли? Лекин сиёсий онгимиз баланд, зўр тахминлар айтиб дунё келажагини кўра биламиз. Тўхтамай нечта ҳадисни Бухорийдан Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламгача бўлган санади ила ёддан келтира оламиз? Дейлик, ҳадисдаги 5 та ровийнинг яшаган йили, даври, ривояти, у ҳақидаги жарҳ-таъдил олимларининг фикрлари,  ундан ким ривоят қилган, ўзи кимдан ҳадис олган – бу ҳақидачи, соатлаб гапириб бера оламизми? Битта ҳадиснинг луғавий, фиқҳий, ахлоқий жиҳатларни тўлиқ шарҳлаб бера оламизми? Иккита бир-бирига қарама-қарши ҳадис келса, уни ечишнинг Ҳанафий мазҳабида нечта йўлини биламиз? Бу бўйича қандай китоблар ўқиганмиз? Нечта луғат ёд олганмиз? Ёки тафсир, фиқҳ, ақоид, араб тили, балоғатга оид китобни тўлиқ ўқиб, барча маълумотларини жам қилиб олганмиз? Лекин машина, кийим, техник бўлса, соат, дала ҳовли, машҳурларнинг шахсий маълумотларини хотиржам таҳлил қилиб беришимиз мумкин.

На илмга қизиқамиз? На илм йўлига кирганимиз таълим учун ўзимизни буткул бағшида қила олмаймиз. Тўлиқ ажраб чиқиш қийин бўлсада, маълум бир соатларимизда ҳам битта смс, битта шарҳ ўқиймиз. Қизиқ! Айни пайтда катта “олим”, билимдон сиёсатчи, уддабурон тижоратчи, шахсий қарашларига эга мотиватор-блогер, ўтиришларда қўли ширин ошпаз, спорт залларида энг кучли штангсит, тоғ, дала ҳовлиларга ташна саёҳатчимиз! Аслида биз ҳеч киммиз. Илм машаққатига тоқати йўқ, аммо мақсади улкан “ажойиб хаёлпараст”миз.

Илм таҳсил қилинаётган вақтда толиби илм имкон қадар ўйин-кулгу, ўтириш ва турли чалғитувчи ишлардан ўзини сақлаши, бутун диққат-эътиборини матн ёдлаш, маълумотларни жамлаш, янгидан-янги билимларни ўрганиш, уларни ўзлаштиришга, талаба дўстлари билан ҳар куни устоз берган вазифаларни биргаликда такрор қилишга сарфламоғи лозим. “Семент заводига мен, ғишт заводига мен” каби яшаётган талаба билсин-ки, ундан катта олим чиқмайди. Имом Шофеъий таъкидлаганидек, “Агар бир дона пиёз сотиб олиш учун бозорларда юрганимда, менда катта олим чиқмас эди!”

Аллоҳ барчамизни фойдали илм таҳсил қилишда ва уни ҳаққини адо қилишда кўмак берсин!

Фахриддин Муҳаммадносир,
«Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари» кафедраси катта ўқитувчиси

Бошқа мақолалар
Мақолалар

«Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам дард юқмас»

17.09.2026   13709   35 min.
«Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам дард юқмас»

«УЙИ ТОЗАГА ГАРД ЮҚМАС, ГАРД ЮҚСА ҲАМ ДАРД ЮҚМАС»

 

 

«БМТ Бош Ассамблеяси 20 сентябрни

Бутунжаҳон тозалик куни

деб эълон қилиш ва уни ҳар йили

нишонлашга қарор қилади»

 

(БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2023 йил

8 декабрда қабул қилинган Резолюция).

 

 

2023 йил 8 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси A/RES/78/122-сонли Резолюцияни якдиллик билан қабул қилиб, 20 сентябрни Бутунжаҳон тозалик куни деб эълон қилди.

Бу кун инсониятга тоза ва соғлом атроф-муҳит учун умумий масъулиятимизни ҳамда табиий ресурсларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлигини эслатишга қаратилган.

 

Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрсак, тозалик кўчада ахлат йўқлигидан анча кўпроқ маънони англатади.

Тозалик – бу шунчаки тартиб эмас. Бу қалб ҳолатидир.

 

Тозалик супургидан бошланмайди. У қалбдан бошланади. Инсон ўзи юриб турган замин унга бегона эмаслигини англаган лаҳзадан бошланади. У соясида дам оладиган дарахт – шунчаки дарахт эмас. У ичадиган сув – шунчаки сув эмас. Буларнинг барчаси Яратганнинг бизга вақтинча ишониб топширган неъматларидир.

 

Шунинг учун тозалик масаласи фақат экология масаласи эмас. Бу виждон, тарбия, имон ва биздан кейин келадиган авлодлар олдидаги масъулият масаласидир.

 

 

«Албатта, Аллоҳ покланувчиларни севади»

 

Қуръони Каримда шундай дейилган: «Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади» (Бақара сураси 2/222).

Бу сўзлар нақадар теран! Аллоҳ покланишни тавба билан – инсоннинг нафақат ташқи, балки ички покланиши билан боғлайди.

 

Қўлни ювиш мумкин, аммо кўчада ахлат қолдириш мумкин. Ўз уйини идеал даражада озода сақлаш мумкин, аммо бировнинг уйи олдида ташлаб кетилган ахлат ёнидан бепарво ўтиб кетиш мумкин. Табиатга бўлган муҳаббат ҳақида гапириш мумкин, аммо пластик идишни ариққа ташлаш мумкин. Бу ҳақиқий тозаликми?..

 

Ҳақиқий тозалик инсон ўзигагина тегишли бўлмаган жойни ифлос қилмасликни англаганида бошланади.

Ҳеч ким кўрмаётган бўлса ҳам, биров ташлаб кетган қоғозни ердан олганида. Машина ойнасидан ахлат ташламаганида. Сувни ифлос қилмаганида. Фарзандига тоза кўча тоза одатлардан бошланишини ўргатганида. «Мендан кейин бу ерда бошқалар яшайди», деб англаганида.

 

 

«Тозалик – имоннинг ярми»

 

Аллоҳнинг Пайғамбари саллаллоҳу алайҳи васаллам, шундай деганлар: «Поклик – имоннинг ярмидир».

Нақадар кучли сўзлар! Шунчаки «тозалик фойдали», эмас. Шунчаки «тозалик чиройли», эмас.

Тозалик имон билан боғлиқ! Имон нафақат сўзларда, намоз ва ибодатда намоён бўлади. У инсоннинг атрофидаги оламга қандай муносабатда бўлишида ҳам намоён бўлади.

 

Агар биз ўз уйимизни асрасак, нега ҳовлимизни ифлос қилишимиз керак? Агар оиламизни севсак, нега ўзимиздан кейин бошқаларга ифлослик қолдиришимиз керак? Агар сув учун Аллоҳга шукр қилсак, нега дарёлар, каналлар ва ариқларни чиқиндилар ташланадиган жойга айлантиришимиз керак? Агар Ватанимизни севсак, нега унинг ифлосланишига бефарқ қарашимиз керак?

 

 

Аждодларимиз ҳикмати

 

Доно халқимиз замонавий дунё экологик дастурлар, илмий тадқиқотлар ва халқаро ташаббуслар орқали етиб келаётган ҳақиқатни аллақачон англаган.

Ўзбек халқ ҳикматида шундай дейилади: «Уйи тозага гард юқмас, гард юқса ҳам дард юқмас».

 

Бу мақол халқ хотирасида бежиз яшаб келаётгани йўқ. Унда тозалик ва саломатлик ўртасидаги чуқур боғлиқлик акс этган. Бу мақол Ўзбекистоннинг расмий экологик ресурсларида ҳам келтирилиб, халқимизнинг тозалик ва озодаликка анъанавий муносабати таъкидланган.

 

Яна бир ҳар биримизга таниш фикр бор: «Тозалик – саломатлик гарови».

Бу оддий ибора кундалик тилимизнинг бир қисмига айланган. Аммо, эҳтимол, бугун уни яна бир бор қалбимиз билан эшитишимиз керакдир...

 

Аждодларимиз замонавий маънодаги «экологик барқарорлик» деган сўзни билмаганлар. Аммо улар сувнинг қадрини билганлар. Ерни ҳурмат қилганлар. Ҳовлини асраганлар. Кўчаларни супурганлар. Ҳашарларда бир-бирларига ёрдам берганлар. Чунки улар учун тозалик кўз-кўз қилиш воситаси эмас эди. Тозалик маданиятнинг бир қисми эди.

 

 

Биздан кейин нима қолади?

 

Бир куни ҳар биримиз бу дунёни тарк этамиз. Уйларимиз қолади. Кўчаларимиз қолади. Дарахтлар ўсишда давом этади. Дарёлар оқишда давом этади. Бугун фарзандларимиз ўйнаётган жойларда эртага бошқа болалар ўйнайди.

Шунда оддий, аммо жуда муҳим савол туғилади: Биз уларга нимани қолдирамиз?

Тоза ҳовлими ёки чиқинди уюми? Тиниқ сувми ёки ифлосланган каналми? Яшил боғми ёки куйиб кетган ерми? Нафас олиш ёқимли бўлган ҳавоми ёки тутундан юзингизни беркитгингиз келадиган шаҳарми?

 

Биз кўпинча бир инсон ҳеч нарсани ўзгартира олмайди, деб ўйлаймиз. Аммо ахир ифлослик бирданига пайдо бўлмайди-ку? Йўқ. У ерга ташланган битта қоғоздан бошланади. Бир шишадан. Бир пакетдан. «Буни бошқа биров тозалайди», деган битта фикрдан.

 

Лекин тозалик ҳам бир инсондан бошланади. Ердан олинган битта қоғоздан. Ахлат қутисига ташланган битта пакетдан. Битта дарахтдан. Ахлат ташламасликка ўргатилган битта боладан. Ўз намунаси билан «тўғри йўл шу» эканини кўрсатган битта катта инсондан.

 

 

Бефарқ ўтиб кетманг

 

Ёнидан бефарқ ўтиб кетмайдиган инсонда ўзига хос гўзаллик бор. У ахлатни кўради – ва уни ердан олади. Ифлосланган жойни кўради – ва тозалайди. Синган дарахтни кўради – ва уни асраб қолишга ҳаракат қилади. Конфет қоғозини ерга ташлаган болани кўради – уни камситмайди, балки хотиржамлик билан тушунтиради.

Маданият ана шундай тарбияланади. Буйруқ билан эмас – намуна билан. Қичқириқ билан эмас – меҳр-оқибат билан. Биргина байрам куни билан эмас – ҳар кунлик одат билан.

 

Ахир Бутунжаҳон тозалик куни – йилига бир марта кўчага чиқиб, суратга тушиш учун ҳудудни тозалайдиган кун эмас. Бу кун биз ўзимизга шундай савол беришимизга сабаб бўлиши керак: «Атрофимдаги олам янада тоза бўлиши учун мен ҳар куни нима қиляпман?»

 

 

Тозалик шукронамизга айлансин

 

Аллоҳ бизга ажойиб бир оламни ато этди. Ҳар куни уфқ узра кўтариладиган қуёшни. Ерни жонлантирадиган ёмғирни. Дарёлар ва булоқларни. Боғларни. Далаларни. Қушларни. Дарахтларни. Ҳавони. Буларнинг барчасини ўз кўзимиз билан кўриш имкониятини.

Бундай неъматлар учун шукр фақат сўз билан ифодаланадими?

 

Баъзан шукр жуда оддий амалдир. Ахлат ташламаслик. Сувни тежаш. Дарахт экиш. Ўзингиздан кейин тозалаш. Бошқа биров ифлос қилган жойни ҳам тозалаш.

Бу одатни фарзандга ўргатиш. Бефарқликнинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслик. Зеро, атроф-муҳитни асрайдиган инсон гўё шундай дейди: «Эй, Парвардигор, Сен менга ишониб топширган неъматларни қадрлайман!»

 

 

20 сентябрь – келинг, бошлайлик

 

20 сентябрь тақвимдаги оддий сана бўлиб қолмасин.

Бу ҳар биримиз атрофимизга қараб: «Мен ўзимдан бошлайман», дейдиган кун бўлсин.

Кимдир келиб тартиб ўрнатишини кутмайлик. «Бу менинг ҳудудим эмас», демайлик. Чунки Ер – бизнинг умумий уйимиз!

 

Кўча тозалиги инсон виждони поклигидан бошланади.

Келинг, ҳовлига чиқайлик. Подъездимизни тозалайлик. Мактаб, маҳалла, масжид ва иш жойи атрофини обод қилайлик. Дарахт экайлик. Ахлатларни йиғайлик. Кераксиз бир марталик маҳсулотлардан воз кечайлик.

Болаларга сув ва ерни асрашни ўргатайлик!

 

Ва энг муҳими – 20 сентябрда тўхтаб қолмайлик.

Бу кундан кейин фақат тоза кўча эмас, балки тоза одат қолсин. Пок виждон қолсин. Табиатга нисбатан пок муносабат қолсин. Пок қалб қолсин.

 

Чунки бир куни фарзандларимиз биздан қанча пул топганимиз ёки қанча нарса сотиб олганимиз ҳақида эмас, балки: «Сиз бизга қандай дунёни қолдирдингиз?» – деб сўрайдилар.

Шунда биз жавоб беришдан уялмайлик: «Биз уни тоза ҳолда сақлашга ҳаракат қилдик».

 

Кўчаларимиз тоза бўлсин. Сувларимиз тиниқ бўлсин. Боғларимиз яшил бўлсин. Маҳаллаларимиз обод ва озода бўлсин. Уйларимизда тартиб, қалбларимизда меҳр-шафқат ҳукмрон бўлсин.

 

Ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг: «Поклик – имоннинг ярмидир» деган муборак сўзлари ҳар биримиз учун шунчаки эшитган ҳадис эмас, балки ҳаётимизда амал қиладиган тамойилга айлансин!

 

Тозалик ҳар биримиздан бошланади.

Бугун – бир қадамдан.

Эртага – бир одатдан.

Биргаликда эса – фарзандларимиз учун тоза келажакдан.

 

Иброҳимжон Иномов.

 

Мақолалар