Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Пиёда юриш - мустаҳаб амал

15.04.2026   17941   2 min.
Пиёда юриш - мустаҳаб амал

Киши саломатлигини сақлаш, жисмоний қувватини оширишда пиёда юриш ва югуришнинг ўрни беқиёс.

Қуръони каримда айтилади:

﴿فَامْشُوا فِي مَنَاكِبِهَا﴾

“Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз” (Мулк сураси, 15-оят).

Мужтаҳид уламоларнинг ижтиҳодларига кўра, уловга зарурат бўлмаган пайтларда пиёда юриш мустаҳаб[1] амал бўлиб, ушбу оят бунга далил бўлади.


Динимиз яхшиликка шошилиш ва унда мусобақалашишга буюради. Бу буйруқ ҳам руҳий ва ҳам жисмоний жиҳатни қамраб олади.

Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Кимки икки нишон – маълум масофани чегаралаб ўрнатилган икки белги – орасида юрадиган бўлса, унинг ҳар бир қадамига яхшилик бордир” (Имом Ҳайсамий ривояти).

Пиёда юриш махсус вақт, ҳолат ёки жиҳозларни талаб қилмайди. Оддий кундалик ишларини бажариш ва кўпроқ пиёда юриш ҳам инсон саломатлигини мустаҳкамлайди. Киши ўзига қулай бўлган ҳар қандай ҳолатда хайрли мақсадда юриб саломатлигини сақлаши ва ажр-савобга эга бўлиши мумкин. Уловлардан зарурат бўлгандагина фойдаланиб, кўпроқ пиёда юришни одат қилинса, ортиқча вазндан ва бир неча касалликлардан қутулиш осон кечади.

Пиёда юриш борасида илмий тадқиқот ўтказган америкалик олим Поль Брегг айтади: “Пиёда юрганингизда ўзингизни табиий тутинг. Бошингиз юқорига кўтарилган, кўкрак ростланган, қорин тортилган бўлсин. Тана қадамларингиз билан бир маромда тебраниб туриш керак. Оёқлар гўёки тананинг ўртасида жойлашгани каби ҳаракатланинг, чуқур нафас олинг, ана ўшанда сизда шундай юксалиш ҳисси пайдо бўладики, танангизни ғурур билан олиб юрасиз. Қўллар елкалардан бошлаб эркин ҳаракатланиши керак. Юриш пайтида сизда яхши кайфият бўлиши ва кўнглингиз ғаш бўлмаслиги керак. Агар сизни атрофингиздаги табиат қизиқтирмаса, маънавий ҳаёт ҳақида ўйланг. Пиёда юриш вақтида сиз жисмоний ҳаракатни маънавий ҳаракатга айлантирасиз. Шу йўл билан барча ғубор ва ғам-ташвишларингиздан халос бўласиз. Қон томирлар бўйлаб танани тозалаб, озиқлантиргани каби пиёда юриш ҳам ақлни тозалайди, уни ижобий фикрлар билан тўлдириб, сизнинг саломатлигингизга сабаб бўлади”.


Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди


[1]Киши бажарса савоб олади, бажармаса гуноҳкор бўлмайди.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон Президенти Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

24.08.2026   19434   1 min.
Ўзбекистон Президенти Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон–Озарбайжон саммитининг иккинчи куни тадбирларида иштирок этиш учун Бухоро шаҳрига келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, ташриф хайрли амалдан – Баҳоуддин Нақшбанд мақбараси зиёратидан бошланди. Қуръон оятлари тиловат қилиниб, халқимизга тинчлик-фаровонлик тилаб, дуо ўқилди.

Мажмуа ислом оламининг улуғ қадамжоларидан бири ҳисобланади. Мазкур зиёратгоҳ Нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд дафн этилган жойда барпо этилган бўлиб, бугунги кунда мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари