Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, хусусан, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида отинойиларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ўқув семинарлари ва тренинглар юқори савияда давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассислари, вилоят бош имом-хатиблари ва соҳа олимлари иштирокида ўтаётган ушбу машғулотларда асосий эътибор отинойилар фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда уларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилмоқда.
Семинарлар давомида иштирокчилар билан жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, оилавий қадриятларни асраш, ёшлар тарбияси ҳамда бидъат ва хурофотларга қарши маърифат билан курашиш каби долзарб мавзуларда қизғин мулоқотлар олиб борилмоқда.
Айниқса, ислом шариатидаги фиқҳий атамалар таснифи, аёлларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, қайнона-келин муносабатлари ҳамда маҳаллий урф-одатларни тўғри талқин қилиш масалалари маърузаларнинг асосий мавзусига айланди.
Бу каби ўқувлар отинойиларнинг билим ва амалий кўникмаларини баҳолаш билан бирга, аҳоли орасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Жиззах шаҳридаги “Яккасарой” тантаналар мажмуасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига меҳр-эътибор кўрсатиш мақсадида уларнинг хатна тўйи ўтказилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган хайрия тадбирида 2 ёшдан 11 ёшгача бўлган 35 нафар болажонларга хурсандчилик улашилди.
Болаларга байрам муносабати билан велосипед, костюм-шим, кўйлак, оёқ кийимлари ҳамда яна бошқа турли хил совға-саломлар тақдим этилди.
Болаларнинг яқинлари ва жамоатчилик вакиллари учун байрам дастурхони ёзилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти матбуот хизмати