Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Май, 2026   |   23 Зулқаъда, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:36
Қуёш
05:09
Пешин
12:24
Аср
17:22
Шом
19:35
Хуфтон
21:01
Bismillah
11 Май, 2026, 23 Зулқаъда, 1447

Сизга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

16.04.2026   10543   4 min.
Сизга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!

Ҳаққа яқин бўлган бандаларнинг олдида дунёнинг чин ҳақиқати очилиб бўлгандир. Улар унинг қанчалар ҳақир ва арзимас эканлигини яхши биладилар.  Шунинг учун унга аҳамият ҳам эътибор ҳам бермайдилар. Нақл қилишадики, бир гал жанобимиз ҳазрати Али ибн Абу Толиб карамаллоҳу важҳаҳу қабристонга келиб унинг аҳлига юзланган ҳолда дедилар:

– Ассалому алайкум, эй қабр эгалари! Сизга тинчлик-омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Сиз ўз дунёйингиз янгиликларидан хабар берасизми ё биз ўзимизникидан айтайликми?

Бунга жавобан шундай овоз эшитилди:

– Сизга ҳам тинчлик-омонлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Биздан сўнг нималар бўлгани ҳақида аввал сиз  гапириб беринг!

Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу давом этдилар:

– Мулкингиз тақсимланди, хотинларингиз эрга тегиб, болаларингиз етим бўлиб қолишди, мустаҳкам уйларингизга душманларингиз кириб, жойлашиб олишди. Бизда шунақа янгиликлар. Сиздачи?

 Яна ўша  овоз жавоб қайтарди:

– Кафанларимиз адо бўлди, сочларимиз тўкилиб, баданларимиз бўлакларга бўлинди, кўзларимиз, бурунларимиз ёноқларимиздан оқиб тушиб, чириб кетди. Дунёда не қилган бўлсак, бу ерда ўшанга яраша (муқобили)ни топдик, ўзимиздан сўнг қолдирган дунёларимиз учун эса, ҳасратдамиз. Қилган ишларимизнинг тутқунларимиз.

Фузайл ибн Иёз қуддиса сирруҳу дейдилар:

“Бордию менга бутун дунёни қиёмат кунида ҳисобини бермаслик шарти билан таклиф этишганларида ҳам қабул қилмаган бўлардим. Мен учун бу дунё ҳатто ёнидан ўтилганда ҳам кийимни булғаб қўйиши мумкин бўлган бир ўлимтик каби манфурдир!”.

Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу гўшт нархи ошаётганини билиб:

– Арзонлаштиринг, яъни умуман сотиб олманг! – дедилар.

Шундай қилиб аҳли тариқатлар қуйидаги хулосага келдилар:

“Кимки дунёга муҳаббат ва ҳавас кўзи билан боқса, Аллоҳ унинг қалбидан  зуҳд ва яқин (чин ишонч) нурини тамомила олиб қўяди ”.

Абул-Ҳусайн Ҳавворий қуддиса сирруҳу-дан дунё лаззатига кўнгул бермаслик ва ундан қутилиш ҳақида сўраганларида, у зот қуддиса сирруҳу  шундай жавоб бердилар:

– Зуҳд – бу дунёга таҳқир кўзи билан қараш ҳамда ундан батамом, охирги ҳаддигача, шараф билан воз кечишдир.

Ҳурматли жанобимиз, қутбул – орифийн Саййид Аҳмад Ҳусайн қуддиса сирруҳу “Ал Иқд ан-нафис” китобида ёзадилар:

“Аллоҳ Мусо алайҳиссаломга деди: “Агар Сенга фақирлик етган бўлса: “Марҳабо, хуш келибсан, эй солиҳлар сифати!” деб, кутиб олгин. Агар дунё келганини кўрсанг: “Бу гуноҳларим сабабли шу дунёнинг ўзидаёқ етган бало!” деб ҳисоблагин”.

Ҳадиси шарифда марҳамат этилади:

“Сизлар қаноатли бўлинглар! Чунки қаноат битмас-туганмас бойликдир” (Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Табароний ривояти)

Солиҳлардан бирлари дебдилар:

“Қаноат, менинг фикримимча, мабодо учраб қолса, яхши пишган ва яхши пишмаган арпа нонини фарқ қилмаслик ҳамда ўшанда ҳам намозига қувват булгунчалик миқдорда тановул қилиш билан кифояланишдир”. 

Салафи солиҳийн қазо бўлган боласи учун мотам тутиб йиғлаб, қазо бўлган намозию умри учун афсус чекиб йиғламаган инсонни, нодон, аҳмоқ деб билган эканлар. Аслида бундай одам гўё шундай деяётган каби: “Мени Аллоҳимдан чалғитган нарса учун йиғлаяпман”.
У аксинча, бу ҳолдан хурсанд бўлиб, батамом Аллоҳга  юзланиши керак эди, чунки Парвардигор уни машғул қилиб турган нарсадан қутқариб, Ўзига яқин бўлиш учун имконият яратиб беряпти.

Дарҳақиқат, болалар, аёллар, хизматкору дўстлар сен ўлиб қолгудай бўлсанг,  сен учун йиғламайдилар, балки сендан олишлари мумкин бўлган нарсани йўқотганлари учун йиғлайдилар холос. Шу сабабли улардан аввалроқ: “Мен учун йиғлашларидан олдин Аллоҳдан олишим мумкин бўлган нарсаларни олиш имкониятини қўлдан берганим сабабли ўзим учун ўзим йиғлаганим яхшироқдир”,  деб айтиб, ўзинг йиғла.

Аллоҳ кимнидир ўзига дўстлик шарафи билан эъзозлабдими, албатта, унинг кўзига дунёни  хунук  қилиб қўяди.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.

Бошқа мақолалар

Ҳақиқий муҳаббат

07.05.2026   6985   2 min.
Ҳақиқий муҳаббат

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Эр: Аср намозини ўқидингми?

Хотин: Йўқ.

Эр: Шом намозини ўқидингми?

Хотин: Йўқ.

Эр: Нима учун?!

Хотин: Ишдан жуда чарчаб келдим ва озгина ухлаб қолибман...

Эр: Яхши... Бор, Хуфтонга азон айтилгунча Аср ва Шом намозларини ўқиб ол.


Эртаси куни... Эр хизмат сафарига жўнаб кетди. Одатда у манзилга етиб бориши билан қўнғироқ қилар ёки хабар йўллаб қўярди. Аммо орадан бир неча соат ўтса ҳамки, ундан дарак бўлмади.

Аёл хавотир олиб, эрига қўнғироқ қила бошлади... Жавоб йўқ. Қайта қўнғироқ қилди, телефон чақиряпти, лекин  кўтармаяпти.

Аёлнинг юрагига ғулғула тушди! Бу унинг одати эмас эди-ку. Бир марта, икки марта, уч марта қўнғироқ қилди... Фойдаси йўқ!

Бир неча соатдан кейин эрнинг ўзи қўнғироқ қилди.

Аёл ҳаяжон билан: Эсон-омон етиб олдингизми?

Эр: Ҳа, етиб келдим, Алҳамдулиллаҳ.

Аёл: Қачон етиб бордингиз?

Эр: Тахминан 4 соат олдин.

Аёл ғазаб билан: 4 соат олдин?! Нега менга қўнғироқ қилмадингиз?

Эр: Жуда чарчаб келгандим, озгина ухлаб қолибман...

Аёл: Менга икки оғиз гапириш сизни чарчатиб қўймасди-ку... Кейин, мен қўнғироқ қилганимда телефон овозини эшитмадингизми?!

Эр: Эшитдим...

Аёл: Эшитиб туриб жавоб бермадингизми?! Нима учун? Наҳотки мен сиз учун аҳамиятсиз бўлсам?

Эр: Аксинча... Лекин сен ҳам кеча азонни — Аллоҳнинг нидосини эшитганингда унга бепарво бўлгандинг-ку...


Аёл (кўз ёшларини тийиб, бироз сукутдан сўнг): Ҳа... Сиз ҳақсиз... Мени кечиринг...

Эр: Кечирим сўраладиган зот мен эмасман. Аллоҳдан мағфират сўра ва бошқа бу ишни такрорлама. Зеро, менинг энг катта орзуим — Аллоҳ бизни Жаннатдаги қасрларда гўзал ҳаёт ила жамлашидир.

Ўша кундан бошлаб аёл бирорта намозини қазо қилмади.

Сизни ҳақиқий яхши кўрган инсон — сизни Аллоҳ сари етаклайдиган ва ортга қайтишингизга йўл қўймайдиган инсондир.

Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ