Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Кунлар келар, беморлар соғаяр,
Мусофирлар ҳам юртига қайтар.
Кимдир сизга беҳуда, савияси паст қўшиқ ва мусиқалар ҳамда бузуқ ва ахлоқсиз сериал, филм ва газеталар бахт-саодат келтиради деган бўлса ёлғон гапирибди. Улар бахтсизлик, қайғу ва ғам-ташвиш калитларидир. Гапимизни шу йўлда бардавом бўлиб, кейин тавба қилган ишончли кишиларнинг эътирофларига таянган ҳолда айтмоқдамиз.
Бундай бахтсиз ҳаётдан ўзингизни олиб қочинг. Бу бекорчи ва тўғри йўлдан адашганлар ҳаётидир. Бунинг ўрнига Қуръон тиловат қилинг, фойдали бирор китоб ўқинг, таъсирли маъруза тингланг, ўзгаларга яхшилик қилиш билан роҳатланинг ёки зикру тасбеҳлар билан руҳингизни тарбия қилинг. Шояд, шу амалларингиз эвазига Аллоҳ сизни кечириб, қалбингизни сакинат ва хотиржамликка тўлдирса!
Шуъла: Пок қалб – унда ширк, сохтакорлик, нафрат ва ҳасад бўлмаган қалбдир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати