Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июл, 2026   |   5 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:26
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:39
Шом
19:56
Хуфтон
21:28
Bismillah
19 Июл, 2026, 5 Сафар, 1448

Сизнинг энг кучлигингиз...

20.04.2026   16558   2 min.
Сизнинг энг кучлигингиз...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош кўтараётган бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларга: “Сизларнинг энг кучлигингиз ғазабланганда ўзини тута оладиганингиздир. Сизларнинг энг ҳалим (юмшоқ)ингиз кучи ета туриб афв қилганингиздир”, дедилар.

Саҳобалардан ҳазрати Али ва Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳум бақувватликлари билан машҳур бўлганлар.

Хайбар ғазотида Ҳазрати Алининг қалқонлари тушиб кетганда, қўрғон олдидаги дарвозани кўтариб у билан ўзларини ҳимоя қилганлар.

Бу ҳақда батафсил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Абу Рофеъ айтади: “Расулуллоҳ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга байроқ бериб, (сарияга) жўнатдилар. Биз ҳам бирга йўлга чиқдик. У киши бир қалъага яқинлашганларида ундан аҳли чиқиб, уришишди. Бир яҳудий у кишини урган эди, қалқонлари тушиб кетди. Шунда Али розияллоҳу анҳу қалъа дарвозасини суғуриб олиб, у билан ўзларини ҳимоя қилдилар. Аллоҳ таоло зафар бергунича қўлларидагини қўймай жанг қилдилар. Сўнг уни отиб юбордилар. Атрофимда етти киши бор эди. Мен саккизинчиси эдим. Биз дарвозани ағдаришга уриндик. Лекин уни қимирлата олмадик” (Имом Аҳмад ривояти).

Инсон жониини, динини сақлаш, Ватани, оиласини ҳимоя қилиш, атрофдагиларга кўпроқ фойда бериш мақсадида куч-қувватини ошириши марғуб ишдир. Албатта, бунда бажарадиган машқлар ва кўтарадиган оғир юклар саломатликка зарар етказмайдиган бўлиши лозим. Ислом дини жисмни ўта қийнаб ёки шариат ҳаром қилган маҳсулотлар, дориворлар билан қоматни шакллантиришдан қайтаради. Мусулмон киши мақтаниб ўз кучини мусулмонларга кўз-кўз қилиши ва бошқаларга зулм қилиши ҳаром амалдир.

Албатта, мўмин киши ҳар бир амалда ҳатто куч тўплашда ҳам авваламбор ниятини тўғирлаб олиши шарт. Худди шундай, оғир атлетика биланшуғулланувчи киши ҳам жисмонан соғлом, кўркам бўлиш ва куч-қувватини Аллоҳ таоло рози бўладиган ўринда ишлатишни мақсад қилмоғи керак.

Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Жазирама иссиқ кунларда соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар

16.07.2026   11949   3 min.
Жазирама иссиқ кунларда соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар

Ҳозирги чилла даврининг жазирама кунларида соғлиқни асраш учун қуйидаги тавсияларга амал қилинг.

Жазирамадан сақланиш учун кўпроқ сув ичинг, соя-салқин жойларда бўлинг ва енгил кийимлар кийинг. Қуёш нурлари тик тушадиган вақтда кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг, ёғли ва оғир таомлар ўрнига енгил овқатларни танланг. Оч рангли, табиий матолардан тикилган кийимлар кийиш тавсия этилади.

Иссиқ кунларда қуйидаги қоидаларга амал қилинг:

Сув ичиш

  • Чанқамасангиз ҳам ҳар соатда оз-оздан, тахминан 1 стакандан сув ичинг. Сув жуда муздек бўлмаслиги керак.
  • Бир кунда ўртача 2,5-3 литр оддий сув истеъмол қилиш тавсия этилади.
  • Айрон, лимонли, ялпизли сув ва кўк чой каби салқин ичимликлар ҳам фойдали.

Эслатма: Артериал қон босими паст (гипотония) бўлган кишиларга жуда совуқ кўк чой ичиш тавсия этилмайди, чунки у қон босимини янада пасайтириши мумкин.

  • Нордон мевалардан тайёрланган компотларга шакар ўрнига оз миқдорда новвот қўшиш ичимликнинг таъмини яхшилайди, қувват беради, овқат ҳазм қилиш тизимини тинчлантиришга ёрдам беради.
  • Газланган ширин ичимликлар ва энергетик ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди, чунки улар организмнинг янада сувсизланишига сабаб бўлиши мумкин.

Енгил кийининг

  • Оч рангли, кенг ва табиий матолардан тикилган кийимлар кийишга ҳаракат қилинг. Бундай кийимлар тананинг қизиб кетишини камайтиради.

Бош ва кўзларни ҳимоя қилинг

  • Ташқарига чиққанда албатта бош кийим (кепка, шляпа ёки панама) кийинг.
  • Кўзларни ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилиш учун қуёш кўзойнагидан фойдаланинг.
  • Имкон бўлса, соябондан ҳам фойдаланинг.

Сояда юринг

  • Куннинг энг иссиқ вақти — соат 11:00 дан 17:00 гача — тўғридан-тўғри қуёш нурлари остида юрмасликка ҳаракат қилинг.

Тўғри овқатланинг

  • Ёғли ва оғир таомлар ўрнига енгил шўрвалар, сабзавот ва мевалар, айрон ҳамда сут маҳсулотларини истеъмол қилинг.

Уйни салқин сақланг

  • Эрталаб ва кечқурун деразаларни очиб хонани шамоллатинг.
  • Кундузи эса дераза ва пардаларни ёпиб, хонанинг қизиб кетишининг олдини олинг.

Қуёшдан ҳимояланинг

  • Кўчага чиқишдан олдин очиқ тери қисмларига SPF ҳимоя даражасига эга бўлган қуёшдан ҳимояловчи крем суртинг.

Болалар ва набираларга алоҳида эътибор беринг

  • Уларнинг кийими енгил ва табиий матодан бўлишига аҳамият беринг.
  • Болаларга тез-тез сув ичиш кераклигини тушунтиринг ва буни назорат қилинг.
  • Соғлом овқатланишга одатлантиринг. Айниқса, чипс, газланган ширин ичимликлар ва бошқа зарарли маҳсулотларни истеъмол қилмасликларини тушунтиринг.

Агар тўгаракларга боришса, ўзлари билан олиб кетишлари учун қуйидагиларни тайёрлаб бериш мумкин:

  • Кепакли нондан тайёрланган, пишлоқ ёки товуқ филеси қўшилган соғлом бутербродлар.
  • Иссиқ ҳавода тез бузиладиган колбаса ва майонездан фойдаланманг.
  • Ювилган мева ва сабзавотлар (олма, нок, банан, сабзи, бодринг). Улар чанқоқни босади ва витаминларга бой.
  • Ювилиб қуритилган қуруқ мевалар, бодом, ёнғоқ, мағиз, туршак ва новвот бўлаклари қувват беради, мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда иссиқда тез бузилмайди.
  • Боланинг сумкасида доимо тоза, газланмаган ва хона ҳароратидаги сув бўлиши шарт.

Ўзингизни ва оила аъзоларингизни эҳтиёт қилинг. Соғлиғингизга бефарқ бўлманг!

Наргиза ТУЙЧИЕВА,
ЎМИ ҳамшираси.

Жазирама иссиқ кунларда соғлиқни сақлаш бўйича тавсиялар
Мақолалар