Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Ҳаж саёҳат эмас...

20.04.2026   14551   2 min.
Ҳаж саёҳат эмас...

Ҳаж жисмоний ва молиявий жиҳатдан бандани синайдиган, руҳиятини поклайдиган Ислом арконларининг бешинчи рукнидир. Ҳажнинг улуғ фазилатларидан бири инсоннинг хато ва гуноҳлардан покланишига сабаб бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, (ҳаж давомида) ёмон гаплар гапирмаса ва гуноҳ ишлар қилмаса, уйига онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Шундай экан, мабрур ҳаж инсон ҳаётида янги саҳифа очади. Ислом таълимотида ҳар бир солиҳ амалнинг ўз ажри бор, бироқ Ҳаж учун ваъда қилинган мукофот улуғроқдир.

Ҳадисда айтилишича: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Риёдан холи, ҳалол маблағ эвазига қилинган ва барча одобларига риоя этилган ибодат мабрур ҳаж ҳисобланади.

Ҳожилар Аллоҳ таолонинг меҳмонларидир. Муқаддас манзилларда инсон ўзи ва яқинлари учун энг хайрли дуоларни сўрайди. Зиёрат давомида, айниқса Арафот тоғида, Каъбаи муаззама қаршисида ва Сафо-Марва тепаликларида қилинган дуолар рад этилмайди.

Ҳажнинг ижтимоий фазилати беқиёс. Бир хил либосда, бир хил мақсад йўлида дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонларнинг жамланиши тенглик ва ибрат намунасини намоён этади. Бу ерда бой ва камбағал, мансабдор ва оддий ишчи, оқ ва қора танлилар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.

Ҳаж арконларини бажараётган инсон қиёмат манзараларини ҳис қилади, ҳисоб-китобни эслайди ва Аллоҳ ҳузурида ҳамма тенг, фақатгина тақволиларгина бошқалардан устун эканини тушунади.

Ҳаж сафари машаққатлардан холи эмас. Иссиқ иқлим, миллионлаган оломон ичида ҳаракатланиш ва узоқ масофаларни пиёда босиб ўтиш инсондан улкан сабр талаб қилади. Бу машаққатлар эвазига инсон ўз нафсини жиловлашни, бошқаларга нисбатан бағрикенг бўлишни ва қийинчиликларга шукр билан муносабат бўлишни ўрганади.

Ҳаж саёҳат эмас, балки қалбнинг Аллоҳ томон ҳижратидир. Муборак сафардан қайтган киши ҳожи мақомини олиш билан бирга жамиятга фойдаси тегадиган, одоб-ахлоқи гўзал ва иймони мустаҳкам бўлган бошқа шахсга айланиши керак.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳаж арконларини бажариш ва унга муносиб бўлиш бахтидан бенасиб қилмасин!

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Зафар қори Маҳмудов

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда "Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ – янги кашфиётлар" халқаро медиафоруми очилди

25.08.2026   37240   6 min.
Тошкентда

Тошкентда 25 август куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафорумининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.


Маросим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Катта конференц-залида ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига «Жаҳон жамоатчилигининг Ислом цивилизацияси марказига нигоҳи» махсус фильми намойиш этилди.


Тадбирда Ўзбекистон Президенти матбуот котиби, Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти раҳбари Шерзод Асадов табрик сўзи билан иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маслаҳатчиси Музаффар Комиловнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Раҳматулла Арзиев ўқиб эшиттирди.

 


Форум иштирокчиларига йўлланган қутлов сўзларида  хорижий меҳмонлар ва медиа ҳамжамияти вакилларига миннатдорлик билдирилди. Форумнинг профессионал мулоқот, халқаро ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг тарихий-маданий меросини илгари суриш майдони сифатидаги аҳамияти таъкидланди.

 

 


Маросимнинг асосий воқеаларидан бири Euronews бош директори ва бош муҳаррири Клаус Штрунцнинг «Янги яқинлик: маданият, медиа ва ғоялар орқали Европа ва Марказий Осиёни бирлаштириш — Ислом цивилизацияси маркази глобал ахборот маконида» мавзусидаги махсус маърузаси бўлди.


Штрунц ислом цивилизациясининг тарихий, илмий, маънавий ва маданий меросини замонавий медиа форматлар орқали жаҳон аудиториясига етказиш, шунингдек, Европа ва Марказий Осиё ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш муҳимлигини таъкидлади.


Унинг қайд этишича, медиа воситалари турли мамлакатлар ва жамиятлар ўртасида нафақат ахборот алмашинувини таъминлаши, балки мулоқот учун кўприклар ҳам қуриши керак.

«Медиа воситалари фикрлар ва янгиликлар алмашинуви учун кўприклар қуриши мумкин ва қуриши шарт. Ахир медиа коммуникациясининг моҳияти ҳам айнан шунда — кўприклар қуришда. Бугун бу ерда, қадимий Ипак йўлида, келажагимиз учун айнан шу жараён содир бўлмоқда», — деди Клаус Штрунц.


Euronews раҳбари Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги ахборот маконини янада яқинлаштиришни тарихий Ипак йўли анъаналари билан қиёслади. Унинг таъкидлашича, минтақалар ўртасидаги замонавий медиа алоқалар иқтисодий, маданий ва ижтимоий ҳамкорликнинг янги имкониятларини ҳам очиши мумкин.

«Ипак йўлида ахборот оқими қандай кечган бўлса, бир-биримиз билан мулоқот қилиш, бир-биримизнинг тилимизни тушуниш ҳам шундай бўлсин. Бу оддий техник жараёндан кўра кенгроқ тушунча. Бу ҳақиқий ҳамкорликнинг янги кўриниши, келажакдаги бутун иқтисодий тараққиёт учун ҳаракатлантирувчи куч бўладиган янги ахборот маконидир», — деди у.


Клаус Штрунц, шунингдек, Ўзбекистонда ёш авлоднинг катта улушга эга эканини алоҳида қайд этиб, бу мамлакатнинг келажаги учун улкан имконият эканини таъкидлади. У турли мамлакатлар ёшларини бирлаштирувчи медиа ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш таклифини илгари сурди.


Унинг фикрича, турли соҳалар — спорт, илм-фан, таълим ва маданият вакилларидан иборат ёшларни бир жойга тўплаб, уларнинг тажриба алмашинуви, ҳужжатли фильмлар суратга олиши ва қўшма лойиҳаларда иштирок этиши учун имконият яратиш мумкин. Бундай ташаббуслар орқали мамлакатлар ва минтақалар ёшлари ўртасида янги алоқаларни шакллантириш мумкин.

«Бу фақат чиройли нутқларда эмас, балки аниқ ва амалий лойиҳаларда ўз ифодасини топиши керак», — деди Euronews бош директори.


Штрунц медиа соҳасидаги инновациялар ҳам айнан шу мақсад — ўтмиш меросини асраб, келажакни биргаликда яратишга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.

«Энг муҳими, медиа доимо инновацияларни ҳаракатга келтирувчи куч бўлиши керак. Аммо бу инновациялар бугун мен эшитган ажойиб мақсадга хизмат қилиши лозим: медиа соҳасида инновацияларни илгари суриш, қалбимизда ўтмишни асраб, келажакни яратиш», — деди у.


Euronews раҳбари форумда иштирок этишни медиа соҳасининг жамият олдидаги масъулияти билан боғлади. Унинг таъкидлашича, журналистика ва медиа фаолияти фақат бизнес ёки касб эмас, балки турли жамиятларни яқинлаштиришга хизмат қиладиган муҳим вазифадир.

«Ушбу ноодатий тадбирда медиа ҳамкор сифатида иштирок этаётганимиздан фахрланамиз. Биз учун бу шунчаки бизнес эмас, оддий касб ҳам эмас. Бу — ўз бурчимиз ва даъватимиздир», — деди Клаус Штрунц.


Шу тариқа, форумнинг очилиш маросимида медиа соҳасининг замонавий вазифалари, халқаро ахборот ҳамкорлигини ривожлантириш, маданий меросни янги форматларда жаҳон аудиториясига тақдим этиш ва турли минтақалар ўртасида янги ахборот кўприкларини барпо этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори, WOSCU Бошқарув раиси Фирдавс Абдухалиқов «Ислом цивилизацияси маркази — янги турдаги маданий-маърифий медиа платформа» мавзусида махсус маъруза қилди.


Абдухолиқов Марказ концепциясини тарихий мерос, илм-фан, музей иши ва янги медиаларни бирлаштирувчи замонавий халқаро майдон сифатида тақдим этди. У ислом цивилизацияси мероси ҳужжатли фильмлар, телевизион лойиҳалар, рақамли реконструкциялар, мультимедиа ва иммерсив экспозициялар, шунингдек, нашриёт ташаббусларида қандай янги талқин касб этаётгани ҳақида маълумот берди. Марказнинг халқаро медиа лойиҳалари, дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлиги, шунингдек, тарихий меросни ўрганиш ва оммалаштиришда сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

 


Маросим иштирокчиларига, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази ҳақида презентацион ролик намойиш этилди.


Халқаро медиафорумда 50 та давлатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 нафарга яқин вакили иштирок этмоқда. Улар орасида халқаро телеканаллар ва ахборот агентликлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, журналистлар, ноширлар, кинематографистлар, олимлар, тадқиқотчилар ва рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари бор. 

iccu.uz 

Тошкентда Тошкентда Тошкентда Тошкентда Тошкентда Тошкентда
Ўзбекистон янгиликлари