Ҳаж жисмоний ва молиявий жиҳатдан бандани синайдиган, руҳиятини поклайдиган Ислом арконларининг бешинчи рукнидир. Ҳажнинг улуғ фазилатларидан бири инсоннинг хато ва гуноҳлардан покланишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, (ҳаж давомида) ёмон гаплар гапирмаса ва гуноҳ ишлар қилмаса, уйига онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, мабрур ҳаж инсон ҳаётида янги саҳифа очади. Ислом таълимотида ҳар бир солиҳ амалнинг ўз ажри бор, бироқ Ҳаж учун ваъда қилинган мукофот улуғроқдир.
Ҳадисда айтилишича: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Риёдан холи, ҳалол маблағ эвазига қилинган ва барча одобларига риоя этилган ибодат мабрур ҳаж ҳисобланади.
Ҳожилар Аллоҳ таолонинг меҳмонларидир. Муқаддас манзилларда инсон ўзи ва яқинлари учун энг хайрли дуоларни сўрайди. Зиёрат давомида, айниқса Арафот тоғида, Каъбаи муаззама қаршисида ва Сафо-Марва тепаликларида қилинган дуолар рад этилмайди.
Ҳажнинг ижтимоий фазилати беқиёс. Бир хил либосда, бир хил мақсад йўлида дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонларнинг жамланиши тенглик ва ибрат намунасини намоён этади. Бу ерда бой ва камбағал, мансабдор ва оддий ишчи, оқ ва қора танлилар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.
Ҳаж арконларини бажараётган инсон қиёмат манзараларини ҳис қилади, ҳисоб-китобни эслайди ва Аллоҳ ҳузурида ҳамма тенг, фақатгина тақволиларгина бошқалардан устун эканини тушунади.
Ҳаж сафари машаққатлардан холи эмас. Иссиқ иқлим, миллионлаган оломон ичида ҳаракатланиш ва узоқ масофаларни пиёда босиб ўтиш инсондан улкан сабр талаб қилади. Бу машаққатлар эвазига инсон ўз нафсини жиловлашни, бошқаларга нисбатан бағрикенг бўлишни ва қийинчиликларга шукр билан муносабат бўлишни ўрганади.
Ҳаж саёҳат эмас, балки қалбнинг Аллоҳ томон ҳижратидир. Муборак сафардан қайтган киши ҳожи мақомини олиш билан бирга жамиятга фойдаси тегадиган, одоб-ахлоқи гўзал ва иймони мустаҳкам бўлган бошқа шахсга айланиши керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаж арконларини бажариш ва унга муносиб бўлиш бахтидан бенасиб қилмасин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Зафар қори Маҳмудов
Минг йиллик тарих, ноёб меъморий обидалар, қадимий ҳунармандчилик ва бой маданий мерос уйғунлашган Бухоро бугун нафақат сайёҳларни ўзига чорламоқда, балки замонавий медиа имкониятлари орқали дунё аудиториясига янада кенг танитилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда туризмни иқтисодиётнинг стратегик йўналишларидан бирига айлантириш, Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий меросини жаҳонга кенг тарғиб қилиш, хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва ҳудудларнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Малайзиянинг “Universiti Teknologi MARA” олий таълим муассасаси Санъат, дизайн ва медиа факультетининг талаба ҳамда ўқитувчиларидан иборат 18 кишилик ижодий гуруҳ Бухоро вилоятида бўлди, хабар бермоқда ЎзА.
Малайзиялик ижодкорларнинг Бухорога ташрифи оддий туристик сафардан кўра кенгроқ мазмун касб этди. Уларнинг асосий мақсади — Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий обидалари, бетакрор меъморий муҳити ва туристик салоҳиятини замонавий медиа платформалар орқали халқаро аудиторияга етказишдан иборат бўлди.
Ижодий гуруҳ вакиллари шаҳарнинг ҳар бир манзилидан ўзига хос сюжет излади. Улар учун асрлар силсиласида қад ростлаган обидалар шунчаки тарихий ёдгорлик эмас, балки замонавий авлодга сўзлаб берилиши лозим бўлган улкан тарихий ҳикояга айланди.
Малайзиялик ёш фотограф ва дизайнерлар Арк қўрғони, Лаби Ҳовуз ансамбли, Пойи Калон мажмуаси, қадимий савдо тоқлари, Исмоил Сомоний мақбараси, Чашмаи Аюб каби кўп асрлик тарихдан дарак берувчи масканларда тасвирга олиш ишларини олиб борди.
Шунингдек, ижодкорлар Бухоронинг анъанавий ҳунармандчилик марказларига ташриф буюриб, усталарнинг меҳнати, миллий санъат намуналари, қадимий касбларнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган жараёнларини ҳам объектив орқали муҳрлашди.
Бугун ахборот макони жадал ўзгараётган бир пайтда бирор мамлакат ёки шаҳар ҳақида тасаввур уйғотишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — сифатли визуал контент. Шу маънода, ташриф давомида тайёрланган фото ва видеоматериаллар “storytelling” — воқеани таъсирчан ҳикоя қилиш услубида яратилгани билан аҳамиятлидир. Зеро, бир суратда Бухоронинг кўҳна гумбази, яна бир кадрда ҳунарманднинг моҳир қўллари, бошқа бир лавҳада эса қадимий кўчалардаги ҳаёт акс этиши мумкин. Бу тасвирлар орқали Бухоро ҳақидаги маълумот оддий матндан кўра, таъсирчанроқ тарзда миллионлаб инсонларга етиб бориши мумкин.
Ижодкорлар томонидан яратилган контентлар ижтимоий тармоқлари ҳамда YouTube платформаси орқали намойиш этилиши режалаштирилган. Бу эса Бухоронинг туристик салоҳиятини, аввало, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аудиториясига кенг тарғиб қилиш учун муҳим имкониятдир.
Бундай халқаро ижодий ташрифлар Бухоронинг туристик брендини янада кучайтириш, хорижий аудиторияда шаҳар ҳақида янги ва жозибадор тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Энг муҳими, бу жараёнда Бухоро тарихи музейларда қолиб кетмаяпти. У замонавий технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва ижодкорлар нигоҳида янги авлодга етказилмоқда.
Бухоронинг қадимий кўчаларида олинган ҳар бир кадр, ҳунарманд қўлидан чиққан ҳар бир буюм, обидалар бағрида акс этган ҳар бир лавҳа дунёнинг турли бурчакларидаги инсонларни “Бу қандай шаҳар?”, “Унинг тарихи қандай?”, “Мен ҳам бу жойни кўришни истайман” деган қизиқишга чорлаши мумкин. Бу эса туризм тарғиботининг энг таъсирчан кўринишларидан биридир.
Малайзиялик талаба ва устозларнинг Бухорога ташрифи яна бир муҳим жиҳати билан аҳамиятли. Турли маданият ва таълим мактабларига мансуб ёш ижодкорлар Бухоро мисолида Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё маданиятлари ўртасида янги ижодий кўприк яратди. Бу нафақат туризм, балки маданий дипломатия, таълим ва ижодий ҳамкорлик учун ҳам янги имкониятларни очади.
Бугун Бухоронинг кўҳна обидаларига қараётган малайзиялик ёш фотографнинг камерасида нафақат тарих, балки Ўзбекистоннинг замонавий қиёфаси ҳам акс этмоқда. Эртага ушбу тасвирларни кўрган минглаб ёшлар Бухорони ўзлари учун янги, қизиқарли ва албатта бориб кўришга арзийдиган манзил сифатида кашф этишлари мумкин. Шу боис, бу ташрифни бир неча кунлик ижодий сафар эмас, балки Бухородан дунёга йўл олган улкан визуал ҳикоянинг бошланиши, дейиш мумкин. Зеро, тарихни асраш — уни келажак авлодга етказишдир. Туризмни ривожлантириш эса ана шу тарихни дунёга танитиш билан чамбарчас боғлиқ.
Ўтмишда Бухоро карвонлар йўли орқали дунё билан боғланган эди. Бугун эса унинг тарихи камералар, ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар орқали бутун дунёга тарқалмоқда. Энг муҳими, бу жараён давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида юртимизнинг туристик салоҳиятини жаҳонга кенг тарғиб этиш, Ўзбекистонни янада жозибадор ва рақобатбардош туристик маскан сифатида намоён этиш йўлидаги эзгу ишларга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати