Ҳаж жисмоний ва молиявий жиҳатдан бандани синайдиган, руҳиятини поклайдиган Ислом арконларининг бешинчи рукнидир. Ҳажнинг улуғ фазилатларидан бири инсоннинг хато ва гуноҳлардан покланишига сабаб бўлади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:
“Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, (ҳаж давомида) ёмон гаплар гапирмаса ва гуноҳ ишлар қилмаса, уйига онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шундай экан, мабрур ҳаж инсон ҳаётида янги саҳифа очади. Ислом таълимотида ҳар бир солиҳ амалнинг ўз ажри бор, бироқ Ҳаж учун ваъда қилинган мукофот улуғроқдир.
Ҳадисда айтилишича: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Риёдан холи, ҳалол маблағ эвазига қилинган ва барча одобларига риоя этилган ибодат мабрур ҳаж ҳисобланади.
Ҳожилар Аллоҳ таолонинг меҳмонларидир. Муқаддас манзилларда инсон ўзи ва яқинлари учун энг хайрли дуоларни сўрайди. Зиёрат давомида, айниқса Арафот тоғида, Каъбаи муаззама қаршисида ва Сафо-Марва тепаликларида қилинган дуолар рад этилмайди.
Ҳажнинг ижтимоий фазилати беқиёс. Бир хил либосда, бир хил мақсад йўлида дунёнинг турли бурчакларидан келган инсонларнинг жамланиши тенглик ва ибрат намунасини намоён этади. Бу ерда бой ва камбағал, мансабдор ва оддий ишчи, оқ ва қора танлилар ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди.
Ҳаж арконларини бажараётган инсон қиёмат манзараларини ҳис қилади, ҳисоб-китобни эслайди ва Аллоҳ ҳузурида ҳамма тенг, фақатгина тақволиларгина бошқалардан устун эканини тушунади.
Ҳаж сафари машаққатлардан холи эмас. Иссиқ иқлим, миллионлаган оломон ичида ҳаракатланиш ва узоқ масофаларни пиёда босиб ўтиш инсондан улкан сабр талаб қилади. Бу машаққатлар эвазига инсон ўз нафсини жиловлашни, бошқаларга нисбатан бағрикенг бўлишни ва қийинчиликларга шукр билан муносабат бўлишни ўрганади.
Ҳаж саёҳат эмас, балки қалбнинг Аллоҳ томон ҳижратидир. Муборак сафардан қайтган киши ҳожи мақомини олиш билан бирга жамиятга фойдаси тегадиган, одоб-ахлоқи гўзал ва иймони мустаҳкам бўлган бошқа шахсга айланиши керак.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаж арконларини бажариш ва унга муносиб бўлиш бахтидан бенасиб қилмасин!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
Зафар қори Маҳмудов
Бугун, 2 сентябрь куни Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида Президент Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳомийлигида ҳамда Бутунжаҳон фатво идоралари ва ҳайъатлари Бош котибияти ташаббуси билан нуфузли халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
"Глобал ўзгаришлар шароитида оилавий масалалар: оилани ҳимоя қилиш, унинг келажаги ва миллий-диний ўзликни асрашда фатво ёндашувлари" мавзусидаги мазкур илмий анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари иштирок этмоқда.
Икки кун давом этадиган халқаро йиғинда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан ташриф буюрган етакчи муфтийлар, таниқли уламолар, халқаро исломий ташкилотлар раҳбарлари, давлат ва жамоат арбоблари ҳамда соҳа мутахассислари қатнашмоқда.
Анжуман кун тартибидан замонамизнинг қуйидаги энг долзарб масалалари ўрин олган:
– Глобаллашув, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект даврида оила институти дуч келаётган муаммоларнинг илмий таҳлили;
– Замонавий оилавий инқирозларни пухта тадқиқ этиш ва уларга шаръий ҳамда амалий ечимлар топиш;
– Виртуал муҳитнинг оилавий муносабатларга таъсирини ўрганиш ҳамда уларни мустаҳкамлаш йўллари;
– Миллий-диний ўзликни сақлаш ва зарарли медиа контентларга қарши курашда жамоавий фатволар ишлаб чиқиш.
Халқаро анжуман тафсилоти билан сайтимиз ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали танишиб боришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати