Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёнинг аввалидан охиригача яшаб ўтган ва яшаб ўтишлари келажакда тақдир қилинган барча зоҳид зотларнинг ҳаммаларидан кўра зоҳидроқлари эдилар. Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Тиҳома тоғи катталигича олтин, кумуш, зумрад у киши билан доимо ҳамроҳ юришлиги шарти билан таклиф этилганда ҳам қабул қилмадилар, айтдиларки:
“Йўқ, Аллоҳим, мен бир кун оч, бир кун тўқ юришни истайман” (Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Байҳақий ривояти).
Шунингдек, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Менга Уҳуд тоғи катталигича олтин берилганда ҳам мени бу нарса қувонтиролмайди. Мабодо уч кун ўтиб бу бойликдан бир дирҳамча қолгудай бўлса, у ҳам бўйнимдаги қарзимни ўташлик учун қолган бўларди холос” (Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилинган, Бухорий ривояти)
Ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида дунё бойлигидан нимадир сақлашни хуш кўрмасдилар. Ҳатто Уҳуд тоғичалик олтинлари бўлган тақдирда ҳам барчасини мусулмонларга тарқатиб берган бўлардилар. Ўзларида эса қарзларини тўлашгагина кифоя қиладиган миқдорни сақлаган бўлардилар холос.
Шунингдек, ҳазрати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар эътиборини ишқ ҳақиқатига қаратар эканлар, ҳеч бир банданинг кўнгли то Аллоҳ Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббати билан лиммо-лим бўлмагунча ва бу севгини бошқа ҳамма нарсага бўлган муҳаббатдан устун қўймагунича иймонда камолга етишолмаслигини уқтирардилар:
“Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди” (Анас ибн Моликдан икки шайх ва Насоий ривоят қилган).
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга дунёни муҳаббати инсон қадрини ерга уришлигини, хўрлаб очкўз қилиб қўйишлигини атрофлича тушунтириб ўтганлар. Ҳақиқатда инсон боласининг кўзи дунё бойлигига ҳеч қачон тўймайди.
Жумладан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одам боласи, икки водий тўла мол-дунёси бўла туриб, мол-дунё тўла учинчи водийни орзу қилади. Учинчисини қўлга киритгандан сўнг тўртинчисини тилай бошлайди. Одам боласининг кўзини тупроқдан ўзга нарса тўлдиролмайди” (Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам мўмин киши ўзининг иффату ҳурматини сақлашлигини, дунёга тўқлик, беҳожатлик ва бапарволик назари билан қарашлигини яхши кўрар эдилар. Аллоҳнинг Расули саллаллоу алайҳи васаллам яна айтдиларки:
“Чиндан ҳам садақа, одамларнинг кири ва гуноҳларининг ювиндисидир” (Абдулмутталиб ибн Робиъадан ривоят қилинган, Муслим ривояти).
Ҳазрати Пайғамбаримизнинг бу муборак сўзларида мўмин киши шахсиятини қанчалар олийжаноб, азиз, шарму ҳаёли, ўзгалар қўлига қарамайдиган бўлиши лозимлиги ҳақида ойдин ишоралар бор.
Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам яна таълим берар эдиларки, агар мўмин кишининг назари – кўзи тўқ бўлса Аллоҳнинг муҳаббатига, одамларнинг муҳаббатига бемалол, осонликча эриша олади. Чунки одамлар ўз қўлларидаги молу дунёдан умидвор бўлган кимсани, ҳеч қачон ёқтирмайдилар. Чунончи, марҳамат этдилар:
“Дунёдан юз ўгиргин, Аллоҳ севади. Одамлар қўлидаги нарсадан умидвор бўлма, одамлар севишади” (Абул Аббос Саҳл ибн Саъидийдан ривоят қилинган, Ибн Можа ривояти).
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати