Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Август, 2026   |   17 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:24
Қуёш
05:47
Пешин
12:24
Аср
17:04
Шом
19:04
Хуфтон
20:23
Bismillah
30 Август, 2026, 17 Рабиъул аввал, 1448
Мақолалар

Жамият тараққиётининг таянч устуни

24.04.2026   20085   2 min.
Жамият тараққиётининг таянч устуни

Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиш босқичида маҳалла институти давлат ва жамият ўртасидаги олтин кўприк вазифасини ўтаб, ислоҳотларнинг бош ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Айниқса, 2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб эълон қилиниши ушбу тизимни янги сифат босқичига олиб чиқди.

Бугун маҳалла шунчаки маъмурий ҳудуд эмас, балки инсон қадри улуғланадиган, ижтимоий ва иқтисодий муаммолар бевосита жойида ҳал этиладиган энг халқчил тузилмага айланди.

Маҳалланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни, аввало, унинг бетакрор тарбия мактаби эканлигида намоён бўлади. «Бир болага етти маҳалла ота-она» тамойили асосида шаклланган муҳит ёш авлод қалбига миллий қадриятларни сингдириш, катталарга ҳурмат ва жамоавий масъулият ҳиссини уйғотишда беқиёс аҳамиятга эга.

Жорий йилда маҳаллаларда маданий-маърифий тадбирларнинг янгича мазмун касб этиши, кексалар ўгити ва жамоатчилик назоратининг кучайиши жамиятда соғлом маънавий муҳитни қарор топтирмоқда.

«Маҳалла еттилиги» тизимининг тўлиқ мустақиллиги ва уларга берилган кенг ваколатлар натижасида «хонадонбай» ишлаш механизми ўз самарасини бермоқда. Маҳалла бюджетининг шакллантирилиши эса инфратузилмавий муаммоларни — йўл, ичимлик суви ва энергия таъминоти каби масалаларни тезкор, манзилли ҳал этиш имконини берди.

Шу билан бирга, маҳалла тинчлик ва ижтимоий адолатнинг бош кафолатидир. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳар бир маҳалла билан узвий боғлангани ёрдамга муҳтож қатламни аниқлаш ва уларни манзилли қўллаб-қувватлашда шаффофликни таъминлади.

Профилактика инспекторлари ва фаолларнинг ҳамкорлиги натижасида «хавфсиз маҳалла» тамойили ҳаётга татбиқ этилиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва оилавий тотувликни асраш борасида мутлақо янги тизим яратилди.

Хулоса қилиб айтганда, маҳалла — кучли фуқаролик жамиятининг пойдеворидир. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртимиздаги ҳар бир фуқаронинг фаровон ҳаёт кечиришига, давлатнинг халққа янада яқинлашишига хизмат қилмоқда. Зеро, маҳалла обод ва тинч бўлса, бутун мамлакатда барқарорлик ва юксалиш бардавом бўлади.

 

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши тумани “Чим” жоме масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

20.08.2026   45027   39 min.
Ўзбекистон халқининг 35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

Ўзбекистон халқининг

35 та АНЪАНАВИЙ ҚАДРИЯТИ

 

Бугун азиз Ватанимизнинг ҳар бир фарзандининг юраги ҳапқириб турибди. Негаки, биз Она-юртимизнинг энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамини, Ўзбекистон Республикаси истиқлолини қўлга киритганининг 35 йиллик шодиёналарини катта тантана қилаяпмиз. 

Жаннатмакон юртимиз, муқаддас Ватанимиз, доно халқимизнинг диний қадриятлари, миллий анъаналари ниҳоятда бисёр, беқиёс ва бетакрор бўлса-да, қутлуғ айём арафасида дориломон кунларга етказгани учун яна ва яна шукр қилиш мақсадида бу йил Мустақиллигимизни 35 йиллигини нишонлаётганимиз учун фақат 35 тасинигина зикр қилмоқчимиз:

 

 

1)       Оила муқаддаслиги – жамиятнинг мустаҳкам асоси.

2)       Ота-онага ҳурмат – ота-онани эъзозлаш ва уларнинг хизматларини қадрлаш.

3)       Меҳмондўстлик – меҳмонни очиқ чеҳра ва очиқ кўнгил билан кутиб олиш.

4)       Меҳнатсеварлик – ҳалол меҳнат ва касб-ҳунарни қадрлаш.

5)       Катталарга ҳурмат – оқсоқоллар ва нуронийларни эъзозлаш.

6)       Тинчликсеварлик – тинч-тотув ҳаётга интилиш.

7)       Анъаналарни асраш – миллий урф-одат ва удумларни сақлаш ҳамда давом эттириш.

8)       Маънавият – юксак ахлоқ ва миллий-диний қадриятларга ҳурмат.

9)       Поклик – уйда, кийимда, танада ва кўнгилда озодаликка риоя қилиш.

10)      Дастурхон саховати – меҳмонни саховат ва меҳр билан кутиб олиш.

11)      Қўшничилик қадриятлари – маҳаллада аҳиллик ва ўзаро ёрдам.

12)      Ёрдамга тайёрлик – яқинлар ва муҳтожларга мурувват кўрсатиш.

13)      Камтаринлик – одобли ва камтарона ҳаёт кечириш.

14)      Ёш авлодга ғамхўрлик – фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш.

15)      Аёлларга ҳурмат – она, рафиқа, опа-сингилларни қадрлаш.

16)      Таълимга интилиш – илм олиш ва билимни қадрлаш.

17)      Ор-номус – ҳалоллик ва виждон билан яшаш.

18)      Маросимларга риоя – миллий маросим ва оилавий удумларни эъзозлаш.

19)      Сўзга содиқлик – ваъдага вафо қилиш.

20)      Матонат ва сабр – қийинчиликларга бардош билан ёндашиш.

21)      Ҳунармандчиликни қадрлаш – миллий ҳунар ва устачилик анъаналарини асраш.

22)      Табиатга меҳр – ер, сув ва атроф-муҳитни авайлаш.

23)      Бағрикенглик – турли миллат, дин ва маданият вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш.

24)      Одоб-ахлоқ – юксак муомала маданиятига амал қилиш.

25)      Миллий байрамларни эъзозлаш – Наврўз, ҳайитлар ва Мустақиллик байрамини қадрлаш.

26)      Адолат – ҳалоллик, тенглик ва қонун устуворлигини қадрлаш.

27)      Ўтганларни ҳам қадрлаш бу дунёдан ўтганларни эҳтиром ва чиройли амаллар билан эъзозлаш.

28)      Тил ва маданиятни асраш – ўзбек тили ва миллий меросни эъзозлаш.

29)      Ватанпарварлик – Ватанни севиш ва унинг равнақига ҳисса қўшиш.

30)      Миллатлараро тотувлик – турли миллат ва элат вакиллари ўртасида аҳилликни мустаҳкамлаш.

31)      Жамоавийлик – ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорлик.

32)      Миннатдорчилик – қилинган яхшиликни қадрлаш.

33)      Устозга ҳурмат – устозларни эъзозлаш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш.

34)      Миллий кийимлар – миллий маданият ва одоб тимсоли сифатида қадрлаш.

35)      Аждодларга ҳурмат – тарихий мерос ва миллий илдизларни эъзозлаш.

* СИЗ яна қўшишингиз мумкин...

*** ЭНГ муҳими: йўқотиб қўйишдан олдин уларнинг ҚАДРИГА етиш !!!

 

☼    Қуръони карим ояти карималари;

☼    Жаноби Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифлари;

☼    динимиз асослари;

☼    шариатимиз аҳкомлари;

☼    шарқона одобларимиз;

☼    мазҳабимиз меъёрлари;

☼    жамиятшунослик алоқалари;

☼    одамгарчилик муносабатлари;

☼    инсоний туйғулар;

☼    руҳшунослик сир-асрорлари;

☼    юртимиз урф-одатлари;

☼    ўзбекчилик қоидалари;

☼    маданиятимиз ахлоқлари;

☼    инсоний ақл ва ахлоқий нормалар;

☼    доно мақолларимиз;

☼    миллий анъаналаримиз;

☼    диний қадриятларимиз;

☼    халқимиз онг-тафаккури;

☼    миллатимиз менталитети,

☼    анъанавий фалсафаси;

☼    ўзбек халқининг илғор қадриятлари;

☼    улуғларимиз ҳикматлари;

☼    доно халқимиз дунёқараши;

☼    мусулмончилигимиз кўрсатмалари

 

а с о с    в а   н е г и з л а р и д а

 

–     улуғ аждодларимиздан давом этиб келаётган дуру гавҳар ривоятлари ва ноёб ҳикматлари,

–     буюк ота-боболаримиздан эшитиб келаётган тилло билан тенг панд-насиҳатлари ва бетакрор ҳикоялари,

–     меҳрибон ота-оналаримиздан ўрганиб келаётган гавҳар ўгитлари ва мислсиз сўзлари,

–     элимиз таниган ва халқимиз тан олган устозларимиздан таълим олиб келаётган зар тушунчалари ва бебаҳо илмлари,

–     жаннатмакон юртимиз – муқаддас Ватанимиз таълим масканларида таралаётган дурдан аъло фанлар ва беқиёс билимлар,

–     замонавий олимларнинг билимлари, турли соҳа мутахассисларининг ажойиб кашфиётлари,

–     бугунги кунда ва доим керак бўладиган ҳаётий масалалар, долзарб мавзулар, қизиқарли маълумотлар ҳамда халқимиз орасида эътироф этилган мезонлар

дан

улуғ устозларимиз (ота-она, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг кенг, чуқур ва унумли истифода этиб, бизларга батафсил тақдим этаётган доно халқимизнинг анъанавий қадриятларини асраб авайлаш – ҳам бурчимиз, хам фарзимиз, ҳам қарзимиз!

 

Бу рўйхатни яна кўплаб давом эттириш мумкин... Бироқ фикримизни мухтасар қилган ҳолда Аллоҳдан Ўзбекистон халқининг бундай фазилатлари янада кўпайишини, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимизга сиҳат-саломатлик, оилаларимизга бахт-саодат сўраб қоламиз. 

 

Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир хонадонга соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик, илоҳий файз-барака, кўпдан-кўп яхшиликлар ато этсин!

Илоҳо жаннатмакон юртимиз тинчлиги, муқаддас Ватанимиз равнақи, доно халқимиз саломатлиги ва фаровонлиги учун, муборак динимиз камолоти ҳамда масжиду-мадрасаларимизни ободлиги учун муҳтарам Юртбошимизнинг доно раҳбарликлари остида, ҳукуматимиз томонидан оқилона олиб борилаётган хайрли, савобли ишларни амалга ошириш мақсадида вилоятларимиз раҳбарлари ҳамда шаҳар ва туман раҳбарларининг бошчиликларидаги меҳнаткаш халқимиз олиб бораётган барча хайрли, яхши, савобли ишларда Аллоҳ таоло Ўзи мададкор бўлсин! Турмушимиз обод, хирмонларимиз мўл, оилаларимиз мустаҳкам, болаларимиз ҳар томонлама соғлом, маънавиятимиз юксак бўлсин!

Меҳрибон Парвардигоримиз доно халқимизни доимо турли хил ўринларда ҳар хил шаклларда қилаётган яхши, хайрли, чиройли, савобли ишларини Ўз даргоҳи илоҳийсида қабул айласин! Илоҳо халқимизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, оилаларимизга файзу илоҳий, бахт-саодат, тўкин-сочин дастурхонлар насиб қилсин! Меҳрибон Парвардигоримиз Ўзи – эшитиб турувчи, кўриб турувчи ва билиб турувчи Зот! Ҳаммаларимизнинг дилларимиздаги ниятларимизни, қалбимиздаги орзуларимизни ва барча ҳожатларимизни ўйлаганимиздан ҳам афзали-зиёдаси билан раво қилсин!

Илоҳо деҳқончиликларимизга ва касб-корларимизга хайр-барака бериб, ишларимизда кўпдан-кўп омадлар, муваффақиятлар ва беҳисоб хурсандчиликлар ато этиб, икки дунёда ҳам азизу мукаррам айласин!

 

Иброҳимжон домла ИНОМОВ

Мақолалар