Сени қўрқитган қанчадан-қанча ишлар,
Орзуларинг сен томон судраб келтирар.
Эй, чин муслима ва тақволи мўмина синглим! Сиз ёмонликдан узоқ, азиятлардан юқорида турадиган, унга тош отилса уларга хурмо бериб яхшилик қиладиган, доимо яшил бўлиб турадиган ва манфаатлари кўп араб хурмоси каби бўлинг. Сиз аҳмоқона майда ишлар ва ҳаёйингизни тортиб олишга олиб борадиган амаллардан баландда турадиган мақоми олий аёл бўлинг. Каломингиз зикр, назарингиз ибрат ва сукутингиз тафаккур бўлсин. Шундагина сиз саодат ва роҳатга етишасиз. Атрофда яхшилик билан ном қозонасиз, сизга чин дилдан дуо қилишади ва яхши сўзлар билан ёдга олишади.
Аллоҳ таоло сиздан танглик, қўрқув шарпалари ва ғам тўдаларини кетказади. Шунда сиз мўминларнинг сизга қилган дуолари остида ухлаб, сизга айтилган мақтовлар остида уйғонасиз. Бахт бойлик заҳиралари, либослар ва ходимларнинг кўплигида эмас, ҳақиқий бахт Аллоҳга итоат этишда эканини тўлиқ англаб етасиз.
Шуъла: Ўзингизга ишонинг! Чунки ўзгариш жуда секин бўлади. Бу йўлда иштиёқингизни сўндирадиган қийинчиликларга учрайсиз. Зинҳор уларга бўш келманг, агар бўш келсангиз улар албатта сизни мағлуб қилишади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Истиғфор инсоннинг Аллоҳ таолодан гуноҳларини кечиришини сўраши ва унинг раҳматига юзланишидир. Ислом таълимотида истиғфор нафақат гуноҳларнинг кечирилишига, балки инсон ҳаётида барака, хотиржамлик ва яхшиликлар кўпайишига сабаб бўлувчи амал сифатида таъкидланган.
Бир киши Тобеъинларнинг буюк олимларидан Ҳасан Басрий ҳузурларига келиб: Эй имом! осмондан ёмғир ёғмаяпти, деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг (истиғфор айтинг), – дедилар.
Кейин бошқа бир киши келиб: Хотиним фарзанд кўрмаяпти, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Яна бир киши келиб: ҳаёт қийинчиликларидан, қашшоқликдан шикоят қиламан, – деди.
У зот: Аллоҳдан мағфират сўранг, – дедилар.
Шунда мажлисдаги кишилардан бири: Ажаб экан, эй имом! Ким қандай ҳожат билан келмасин, ҳаммасига истиғфор айтишни буюряпсиз, – деди.
Ҳасан Басрий бундай жавоб бердилар: Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини ўқимадингизми?
“Бас, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар. Албатта, У ўта Мағфиратлидир. Шунда У сизларга осмондан кетма-кет ёмғир ёғдиради. Мол-дунё ва фарзандлар билан мадад беради, сизлар учун боғлар ва анҳорлар ато этади” (Нуҳ сураси, 10–12-оятлар).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар билан ишлаш бўлими мутахассиси
Ҳумоюддин Хусниддин ўғлининг таржимаси.