Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир донишманддан сўрадилар: "Инсонларнинг асл табиатини қаердан биламиз?".
У бундай жавоб берди:
Эр(нинг меҳр-муҳаббати) аёли касал бўлиб қолганда билинади.
Аёл(нинг садоқати) эри фақир бўлиб қолганда билинади.
Дўстнинг қандайлиги — бошингга қийинчилик тушганда билинади.
Фарзандларнинг (эҳтироми) ота-онаси қариганда билинади.
Ака-ука (ва опа-сингиллар)нинг (оқибати) мерос тақсимланаётганда билинади.
Қариндошларнинг (ўзаро риштаси) мусофирчиликда (бегона юртда) билинади.
Ҳақиқий (соф) муҳаббат манфаатлар тугаганда билинади.
Мўмин(нинг иймонида собитлиги) эса балоларга рўбаро қилинганида билинади.
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати