Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шукр этилмас қанча неъматлар,
Бахтсизлик остида жим келарлар.
Аллоҳнинг неъматлари учун Унга шукр ва ибодат қилиб ҳаққини адо этинг. Сувдан ичишингиз ва покланишингиз учун ишлатинг, Қуёшнинг нури ва иссиқлигидан роҳатланинг, Ойнинг зиёсидан завқланинг ҳамда денгизлар ва табиат манзараларидан роҳат олинг ва гуноҳларни кечирувчи Зотга шукр қилинг. Аллоҳ сизга берган неъматлардан фойдаланинг, лекин зинҳор куфрони неъмат қилиб ношукрлик қилманг. Аллоҳ таоло айтган ушбу тоифадан бўлиб қолманг:
﴿يَعْرِفُونَ نِعْمَةَ اللَّهِ ثُمَّ يُنْكِرُونَهَا وَأَكْثَرُهُمُ الْكَافِرُونَ﴾
“Улар Аллоҳнинг неъматини танирлар, кейин эса, инкор қилурлар. Уларнинг кўплари кофирлардир” (Наҳл сураси, 83-оят).
Неъматларни инкор этишдан сақланинг. Атригулнинг тиконларига қарашдан олдин унинг гўзаллигига боқинг. Қуёш иссиғидан шикоят этишингиздан олдин унинг нуридан фойдаланишингизни эсланг. Тун зулматидан нолишингиздан аввал унинг тинч ва осудалигини ёдга олинг. Неъматларга сўкиниб ёмон кўз билан қарашнинг нима кераги бор?! Уларнинг белгиланган йўлини ўзгартириш билан нима фойда топасиз?! Сизга берилган неъматларни гўзал ҳолда қабул қилинг ва Аллоҳга ҳамд айтинг!
Шуъла: Хато йўлдан тўғри йўлга ўтиш узоқ, аммо жуда гўзал саргузаштдир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Истиқлолимизнинг 35 йиллик байрами арафасида Фарғона вилояти бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирокида Қувасой шаҳрида хайрия тадбир ўтказилди. Унда 33 та хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари, 43 нафар болажонга эса ўқув қуроллари ва кийим-кечаклар ҳадя қилинди.
Тадбирда фарзандлар учун муносиб шароит яратиш эзгуликнинг энг гўзал кўринишларидан бири экани, бугун ёш авлоднинг билими ва камоли учун қилинган ҳар бир хайрли амал эртанги кун тараққиётига муҳим ҳисса бўлиб қўшилиши таъкидланди.
Бундай тадбирлар, шунингдек, Бувайда туманидаги «Катта маҳалла» масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилди. Унда ижтимоий кўмакка муҳтож ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларидан 70 нафарига мактабда таълим олиши учун зарур бўлган ўқув қуроллари тарқатилди. Болажонлар мустақиллик байрами ҳамда бошланажак янги ўқув йили билан муборакбод этилди.
Илм ва ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бундай эзгу ташаббуслар Фарғона шаҳридаги "Хўжамбердибой", Сўх туманидаги "Султон Маҳмуд" масжиди жамоаси томонидан ҳам ташкил этилмоқда.
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати