Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Қуръон ўқийдиган мўмин кишининг мисоли утружжага ўхшайди. Унинг таъми ҳам ҳиди ҳам хушбўйдир”.
Утружжа тўрт нарса: пўстлоқ, гўшт (асосий қисм), органик кислота (нордонлик) ва уруғдан иборат. Уларнинг ҳар бирини мижози ўзига хос: пўсти иссиқ, қуруқ; гўшти иссиқ, ҳўл; органик кислотаси совуқ, қуруқ ва уруғи иссиқ, қуруқ.
Пўстини кийимга қўйилса, қуртларни йўқотади. Ҳиди ҳавони тозалайди ва вабони кетказади. Оғизни хушбўй қилади. Данаги чаён ва турли ҳашаротлар чаққанда даво бўлади.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
Утружжа - хушбўй ҳидли, таъми ширин, апелсинга ўхшаш мева.
Бизга ризқ берувчи Зот Аллоҳдир, лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ёки қучоғимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат қилиш, Аллоҳнинг иши эса — муваффақ қилиш (тавфиқ бериш)дир.
«Унинг (ернинг) турли жойларида юринглар ва Унинг ризқидан енглар» (Мулк сураси, 15-оят).
Ҳатто сурункали ва оғир дардга чалинган Айюб алайҳиссаломга ҳам Роббиси бундай деган эди:
«Оёғинг билан (ерни) теп! Мана бу чўмиладиган муздек сув ва ичимликдир» (Сод сураси, 42-оят).
Ҳатто тўлғоқ азобида турган Биби Марямга ҳам Аллоҳ таоло:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит, у сенга янги пишган хурмоларни тўкади», — деди (Марям сураси, 25-оят).
Пок ва Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Балки энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, унга:
«Хурмо шохини ўзингга қараб силкит», — деб буюрди.
Демак, ҳаракат қилиш ва интилиш — матлубдир.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ