Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Гоҳида инсонга бало ҳам бир неъмат бўлар,
Ва гоҳо Роббим неъмат билан имтиҳон этар.
Ибодатли, яхши бир ибодатли дўстимнинг аёли саратон касалига чалинди, уларнинг уч фарзанди бор эди. Дўстимга дунё тор келиб, ер зулматга айланиб қолди. Шунда уламоларнинг бири унга саҳарлари туриб ибодат қилиб, аёли учун истиғфор айтиб, замзам сувига қироат қилиб унга ичиришини маслаҳат берди. Аллоҳ таоло унинг йўлини дуо қилишга очиб қўйди. Аёли Қуръон ўқилган замзам суви билан жисмини тозалар, у эса аёли билан тонг саҳардан қуёш чиққунча, шом намозидан кейин хуфтонгача ўтириб биргаликда истиғфор айтиб дуо қилишарди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло унинг касалига шифо берди, унга гўзал тери ва чиройли сочлар ато қилди. Улар эса истиғфор ва тунги намозга боғланиб қолишди.
Синглим, агар сиз касал бўлсангиз Аллоҳ томонга юринг, истиғфор, тавба ва дуони кўпайтиринг. Шунда тез орада сизни хурсанд қиладиган хушхабар келади. Чунки дуони фақатгина Аллоҳ таоло ижобат қилади, қийинчилик ва ёмонликларни У Зотгина аритади.
Шуъла: Ўтган ва бугунги кунларингизни ҳисоб-китоб қилинг. Чунки ҳаёт кетма-кет синовлардан иборат, инсон бу синовлардан ғолиб бўлиб чиқиши лозим.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Савол: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота жаннатнинг ўрта эшигидир. Хоҳла, бу эшикни сақла, хоҳла зое қил”, деган эканлар. Шуни изоҳлаб берсангиз. Ўрта эшик деганда нима тушунилади?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай ҳадис бор, уни имом Термизий раҳимаҳуллоҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ота жаннат эшикларининг ўртасидир. Хоҳласанг, ўша эшикни муҳофаза қил ёки зое қил”, деганларини эшитганман”.
Муҳаддис уламолар мазкур ҳадисни шарҳлаб, мазмунини тушунтириб берганлар. “Ўрта” деб таржима қилинган сўз ҳадисда “авсат” деб келган. Авсат сўзининг бир эмас, бир неча маънолари бор. Ўрта деган маънодан ташқари энг яхши, энг тўғри, мўътадил деган маъноларда ҳам келади.
Бошқа уламолар бундай дейишган: “Албатта, жаннатнинг бир неча эшиклари бор ва уларнинг ичида кириш учун энг гўзали ўртадагисидир. Ўша ўрта эшикдан киришга сабаб бўладиган амал эса ота-онанинг ҳақларини адо этишдир”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази