Ҳадис илми мактабида таниқли олим, устоз Шайх Муҳиддин Мансурнинг қаламига мансуб “Соф ақида — Имом Таҳовий ақидасига ҳошия” номли янги китобнинг тақдимоти ўтказилди. Имом Ғазнавий шарҳи асосида тайёрланган ушбу қўлланма ақида илмининг мураккаб масалаларини содда ва халқчил тилда баён этгани билан аҳамиятлидир.
Тадбирни Ҳадис илми мактаби ректори Барот Амонов очиб бериб, муаллифнинг кўп йиллик илмий-маърифий хизматларини алоҳида эътироф этди. Ректор ўз нутқида жамиятда соғлом диний тушунчани қарор топтириш ҳамда аҳли сунна вал жамоа манҳажидан четлашган оқимларга илмий асосланган раддиялар беришда бу каби асарларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Тақдимот давомида Шайх Муҳиддин Мансур ҳазратлари сўзга чиқиб, ақида илмининг инсон ҳаётидаги аҳамиятига тўхталдилар:
“Эътиқод мустаҳкам бўлса, ҳеч қандай бузғунчи ғоя ёки адаштирувчи оқим инсон қалбига йўл топа олмайди”, — деди муаллиф.
Шунингдек, олим Абу Ҳанифа ва Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳларнинг ақидавий қарашлари бевосита Қуръон ва Суннатга таянишини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб бердилар. Хусусан, “Фиқҳул акбар” асарининг Абу Ҳанифага нисбати мутавотир (инкор қилиб бўлмас) йўл билан собит эканини қайд этиб, келажак авлодни бу соф меросни асраб-авайлашга чақирдилар.
Тадбир якунида "Ҳадис илмлари" кафедраси мудири Маҳмуджон Абдураҳмонов сўзга чиқиб, устознинг бой илмий тажрибаси талабалар учун катта мактаб эканини таъкидлади ва барча иштирокчилар номидан миннатдорчилик билдирди.
Янги нашр этилган ушбу китоб нафақат соҳа мутахассислари, балки кенг китобхонлар оммаси учун ҳам маънавий хазина бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Muhaddis.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Аввало “Икки ракат ийдул азҳо намозини ушбу имомга иқтидо қилиб, Каъбага юзланиб, холис Аллоҳ таоло учун адо этишни ният қилдим” дейилади.
2. Имом “Аллоҳу акбар” деб биринчи такбирни айтгач жамоат ҳам қўлларини қулоқ баробарида кўтариб, ичида такбир – “Аллоҳу акбар” деб айтади.
3. Кейин қўллар боғланиб, ҳар ким ичида сано дуоси (Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илаҳа ғойрук)ни ўқийди.
4. Сўнгра имом уч марта такбир айтади. Жамоат ҳам унга эргашади. Биринчи ва иккинчи такбирда қўллар ён томонга туширилади. Учинчи такбирдан сўнг қўллар боғланади.
5. Имом “Фотиҳа” сурасини ва зам сура ўқийди. Сўнг такбир айтиб руку ва сажда адо этилади.
6. Шундан сўнг иккинчи ракатга турилади. Имом “Фотиҳа” сураси билан зам сура ўқигач, рукуга бормай туриб, худди биринчи ракатдаги каби уч марта такбир айтади.
7. Тўртинчи такбирда қўл кўтармасдан имом орқасидан руку ва сажда адо қилинади.
8. Сўнгра “Аттаҳийёт”, “Салавот” ва “Дуо” ўқилиб, салом берилиб, намоз тугатилади.
Аллоҳ ибодатларингизни Ўз даргоҳида қабул этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД