"Тақдирда бахтли деб ёзиб қўйилган одам ҳақиқий бахтлидир. Шунингдек, тақдирда бахтсиз ёки бадбахт деб ёзиб қўйилган инсон ҳақиқий бахтсиздир. Тақдир эса инсонлардан сир тутилади, у фақат Аллоҳгагина маълумдир. Уни ҳатто, Аллоҳга яқин бўлган фаришталар ҳам, пайғамбарлар ҳам билмайдилар. Тақдир тўғрисида чуқур хаёл юргизиш ёки баҳслашиш беҳуда ишдир, балки туғёндир. Бундан жуда ҳазар қилиш зарур. Уни Аллоҳ таоло ўзига хос илм қилиб, бандаларини тақдир тўғрисида фикр юритишдан ман этади. Бир ояти каримада: «Аллоҳ Ўзининг қиладиган ишларидан ҳеч кимга ҳисобот бермайди, балки одамлар Унга ҳисобот берурлар», дейилади. Кимики: "Нега Аллоҳ бундай қилади ёки нега ундай қилмади?" деса, Тақдир ҳукмини рад этган бўлиб, иймондан ажраб қолади".
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ҳайвонлар, қушлар ва ҳашаротларнинг жонини ҳам Азроил алайҳиссалом қабз қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мўътабар манбалардаги маълумотлар барча жонзотларнинг жонини олиш масъулиятини Аллоҳ таоло Ўлим фариштаси (Азроил) алайҳиссаломга топширганини кўрсатади. Чунки бир ривоятда Ўлим фариштаси алайҳиссалом: “Мен битта чивиннинг жонини ҳам Аллоҳнинг изнисиз ўз хоҳишим билан суғура олмайман”, деганлари нақл қилинган.
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ бунинг изоҳида бундай дейдилар: “Бу ҳадисдан маълум бўладики, ҳар бир жонзотнинг жонини олиш масъулиятини Аллоҳ таоло Ўлим фариштасига юклаган”.
Шунингдек, Имом Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳдан "Чивинларнинг жонини ҳам Азроил қабз қиладими?" деб сўрадилар. Шунда имом: “Уларда жон борми?” деб сўради. Сўровчи: “Ҳа, бор”, дегач, у киши: “У ҳолда, уларнинг жонини ҳам Ўлим фариштаси олади”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази