Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Келтирдик иймон Роббимиз Раҳмонга,
Эргашдик элчиси мукаррам зотга.
Қадрли синглим, кўпроқ уйингизда бўлинг, муҳим ишингиз бўлмаса кўчада беҳуда юрманг, чунки уйингиз саодатингиз сиридир. Уйингизда бахт таъмини тотасиз, ибо-ҳаё ва номусингизни сақлайсиз. Кўчага ҳуда-беҳуда чиқаверадиган, бозору гузарларда айланиб юраверадиган, кераксиз қандайдир нарсаларни суртиштириб чиқаверадиган аёлда охират ғами бўлмайди, бирор нарсани ўрганиш ёки маърифат ҳосил қилишга қизиқмайди. Балки у вақтини исроф қилаётган, ғами фақат ейиш ва ичиш бўлган аёл бўлади. Шунинг учун ҳам сиз кўчада беҳуда юришдан сақланинг. Аслида, уйингиз бахт макони, роҳат ўрни, инсонлар азиятидан саломат жойдир, уни шундай гўзал маконга айлантириш сизнинг қўлингизда. Шундай экан, уйингизни муҳаббат ва сурур маконига айлантиринг!
Шуъла: Ташвишларингизни фақатгина сизга фикрлари ва сўзлари билан саодатга элтадиган энг яқин инсонларингизганига ошкор қилинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Хабар берганимиздек, Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон муфтийлари муҳим йўналишларда 3 та баёнот ва замонавий масалаларга оид 6 та йирик фатвони имзолашди.
Жумладан, «Исломнинг илм-фан ва технологияга ёндашуви» мавзусидаги баёнотда Ислом динида инсоният фаровонлигига хизмат қилувчи барча илмий ва технологик ютуқлар қўллаб-қувватланиши билан бирга, улар юксак ахлоқий мезонлар, адолат ва масъулият тамойиллари асосида ривожланиши шартлиги таъкидланди.
«Мусулмонлиги маълум бўлган шахсни кофирга чиқаришнинг ҳукми» тўғрисидаги баёнотда Ислом таълимотига кўра, калимаи шаҳодат келтириб, қибла аҳлидан бўлган ҳар қандай шахс мусулмон ҳисобланиши ҳамда қилган гуноҳи ёки амалдаги нуқсони туфайли уни куфрда айблаш (такфир қилиш) қатъиян ман этилиши айтилди. Шунингдек, Туркий давлатлар уламолари ушбу баёнотда жамиятда фитна, қон тўкилиши ва низоларга сабаб бўлувчи такфирчилик оқимларига қарши илмий-маърифий курашни кучайтириш, уммат бирдамлигини мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.
«Оила қуришга тарғиб қилиш, уни муҳофаза қилиш ва мустаҳкамлашга доир умумий масъулият» баёнотида Ислом таълимотига кўра, оила никоҳ асосига қуриладиган, соғлом авлод ва жамият давомийлигини таъминловчи, инсонга руҳий хотиржамлик ҳамда ахлоқий тарбия берувчи муқаддас муассаса эканига урғу қаратилди. Муфтийлар оила институтини ҳимоя қилиш, ёшларни оилага тайёрлаш ва миллий-маънавий қадриятларни мустаҳкамлашда бирдамликка чақирдилар.
Шунингдек, муфтийлар томонидан «Битта қабрга бирдан ортиқ маййитни дафн этишнинг ҳукми», «Ижарага берилган деҳқончилик ерларининг ушри», «Фатво сўраш ва фатво беришда сунъий идрокдан фойдаланиш масаласи», «Жума намози дуруст бўлишининг шартлари», ҳижрий ой бошланишини аниқлаш мезонлари ва такфир масаласига доир 6 та фатво матни имзоланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати