Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

ИЛК ЗИЁРАТЧИЛАРИМИЗ МАККАГА ЙЎЛ ОЛДИ!

06.05.2026   14571   1 min.
ИЛК ЗИЁРАТЧИЛАРИМИЗ МАККАГА ЙЎЛ ОЛДИ!

Бугун, 5 май куни Мадинаи мунавварада бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари эҳромга кириб, Мадина шаҳри яқинида жойлашган мийқот – Зулҳулайфа водийсида таматтуъ ҳажининг умрасини ният қилган ҳолда, Маккаи мукаррамага йўл олишди.

Таъкидлаш жоизки, айни кунларда “Ҳаж – 2026” мавсумида зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳаж ибодатларини гўзал адо этишлари учун Ишчи гуруҳи томонидан Макка шаҳрида ҳам жорий мавсумга кенг кўламли тайёргарлик ишлари якунланди. Хусусан, меҳмонхоналарда озодалик ва зарур жиҳозлар мавжудлиги билан бир қаторда, тиббиёт хоналари ҳамда ошхоналарнинг тўлиқ шай ҳолатга келтирилганига алоҳида эътибор қаратилди. 

Маълумот учун, муқаддас икки шаҳарнинг ораси 460 километрни ташкил этади. Ушбу масофа замонавий автобусларда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтилади. Эҳром боғлаб, Зул-Ҳулайфада умрага ният қилган, тилидан “лаббайка” тушмаган ҳожиларимиз йўл машаққатини деярли сезмайдилар, иншоАллоҳ. 

Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамага отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ота-онани ҳурматлаш одоблари

08.08.2026   12816   1 min.
Ота-онани ҳурматлаш одоблари

Ота-онанинг розилигини олишга интилиш фазилати барча фазилатларнинг негизи, борлиқдаги ҳар қандай ҳақ-ҳуқуқларнинг келиб чиқадиган асосидир.

Ота-оналар, бола тарбияси билан шуғулланаётган тарбиячилар фарзандларга қуйидаги одатларни сингдиришлари мақсадга мувофиқ: 
 

Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).

Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws