Бугун, 5 май куни Мадинаи мунавварада бўлиб турган ўзбекистонлик зиёратчиларнинг дастлабки гуруҳлари эҳромга кириб, Мадина шаҳри яқинида жойлашган мийқот – Зулҳулайфа водийсида таматтуъ ҳажининг умрасини ният қилган ҳолда, Маккаи мукаррамага йўл олишди.
Таъкидлаш жоизки, айни кунларда “Ҳаж – 2026” мавсумида зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатиш, уларнинг ҳаж ибодатларини гўзал адо этишлари учун Ишчи гуруҳи томонидан Макка шаҳрида ҳам жорий мавсумга кенг кўламли тайёргарлик ишлари якунланди. Хусусан, меҳмонхоналарда озодалик ва зарур жиҳозлар мавжудлиги билан бир қаторда, тиббиёт хоналари ҳамда ошхоналарнинг тўлиқ шай ҳолатга келтирилганига алоҳида эътибор қаратилди.
Маълумот учун, муқаддас икки шаҳарнинг ораси 460 километрни ташкил этади. Ушбу масофа замонавий автобусларда ўртача тезликда 5-6 соатда босиб ўтилади. Эҳром боғлаб, Зул-Ҳулайфада умрага ният қилган, тилидан “лаббайка” тушмаган ҳожиларимиз йўл машаққатини деярли сезмайдилар, иншоАллоҳ.
Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамага отланган юртдошларимизнинг сафарларини муборак қилсин, Байтуллоҳ ёнида дуо қилишни барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.
Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.
Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.
Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.
Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.
“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.
Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.
Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати