Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Тўлин ой нур сочар, юлдузлар чароғон,
Бизни қандай ўлдиролсин ташвишу ғам?!
Турли хил эҳтимоли бўлган фойдасиз тортишув ва баҳсларга киришишдан сақланинг. Чунки бу нарса кўнгил сиқилиши ва хаёлнинг тарқоқ бўлишига олиб боради. Турли хил назарий кўринишларни қабул қилиши мумкин бўлган масалаларда ҳаммани ишонтиришга уринманг. Фикрларингизни сокинлик билан баён қилинг, шовқин-сурон, бир фикрда маҳкам туриб олиш ва талвасага тушишни бутунлай тарк этинг.
Ҳаммага раддия бериб танқид қилавериш қалбингиз роҳатини йўқотади ва сизни ўзингиз лойиқ бўлмаган ҳолга тушириб қўяди. Мулойим ва инсонларга суюкли сўзларингизни юмшоқлик ҳамда сокинлик билан гапиринг. Шунда инсонларнинг қалбини эгаллайсиз, уларнинг руҳларига жон бағишлайсиз.
Шунингдек, инсонларни ғийбат қилиш, уларни мазаҳ қилиб мулзам этиш уларнинг қалбига маҳзунлик ва ғам солади. Бу эса сизнинг ажр-савобларингизни кетказиб, гуноҳларни елкангизга юклайди, хотиржамлигингизни йўқотади.
Инсонларнинг айбларини қўйиб, ўзингизни айбларингизни тўғирлаш билан машғул бўлинг. Чунки Аллоҳ таоло бизларни камчиликсиз ва бегуноҳ қилиб яратмаган, ҳаммамизнинг ҳам айбларимиз ва гуноҳларимиз бор. Ўзининг айбини тўғрилаш билан банд бўлган, бошқаларнинг айбини қидиришдан тийилган инсонга жаннат бўлсин!
Шуъла: Фарзанди йиқилиб тушган аёл бақир-чақир қилиб, йиғлаб вақтини зое қилмаслиги, аксинча, унинг жароҳатини боғлашга интилиши лозим.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Гуноҳга сабаб бўлмаса, отаонанинг буюрганларини албатта бажариш; ота-онага мулойим сўзлаш; уйга кирганларида, ҳурматлари учун ўрнидан туриш; ҳар тонг салом бериш, уйқудан олдин хайрли тун тилаш; мол-мулкларини сақлаш; сўраган нарсаларини бериш; улардан маслаҳат сўраш; ота-она ҳақига дуо ва истиғфор айтиш; улар меҳмон кутишса, ёнларида мунтазир бўлиб туриш; уларнинг айтишларини кутмай, уларни хурсанд қиладиган ишларни бажариш; уларнинг ҳузурларида овозни баланд кўтармаслик; гапларини бўлмаслик; изн беришмаган жойга бормаслик; ухлаётганларида безовта қилмаслик; аҳли аёли, фарзандларини улардан устун қўймаслик; ота-она хатога йўл қўйсалар, билмасликка олиш, дарҳол кечириб, унутиш; кулгили гап бўлса ҳам, уларнинг ҳузурларида ўзини тутиш; улар яхши кўрадиган таомни илиниш; улардан олдин таомга қўл чўзмаслик; уларнинг олдиларида чўзилиб ётмаслик, оёқ узатмаслик; уйга улардан олдин кирмаслик, олдиларига тушиб юрмаслик; чақирганларида тезлик билан жавоб бериш; уларнинг ҳаётликларида ҳам, вафот этганларидан кейин ҳам дўстларини ҳурмат қилиш; ота-онасининг ҳурматини қилмайдиганлар билан дўстлашмаслик; уларнинг ҳақларига дуо қилиш; вафотларидан кейин Аллоҳнинг қуйидаги каломини кўп айтиш: «Эй, Раббим! Мени улар гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро сураси, 24-оят).
Иброҳимжон ИНОМОВ тайёрлади.
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 10-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws