Аллоҳга ҳамд бўлсин, Самарқандда катта лойиҳа – Имом Бухорий мажмуаси зиёратчилар учун хизмат қилишни бошлади. Зиёратчилар кундан кунга кўпайиб бормоқда. Уларнинг ҳар бирлари муҳаддислар султони Имом Бухорийнинг меҳмонларидир.
Дарҳақиқат, раҳбарлар ҳузурига кираётган инсон ташқи кўринишига, ўз хатти ҳаракатларига жуда эътиборли бўлади. Ўз ўрнида Ҳадис бўйича мусулмонлар раҳбари бўлган Муҳаммад ибн Исмоил ҳазратларининг меҳмони бўлишни ният қилиб келаётган диндошларимиз ҳам бир неча кўрсатмаларга амал қилишлари зарур бўлади. Йўқса, зиёратимиз фойдамизга эмас, аксинча зиёнимизга ҳужжат бўлиб қолади. Зотан, мажмуа сайлгоҳ ёки кўнгилочар хиёбон эмас, балки улкан масжид ва мақбара (қабрстон)ни ўз ичига олади.
Аввало, уйдан чиқаётганда, сафар дуосини ўқинг, гўзал ният билан уловга чиқинг. Эркаклар калта, тор, ноўрин расмлари бор кийимларни эмас, кенгроқ, узунроқ, зиёратга муносиб кийимларини кийиб олишсин. Муслима опа-сингилларимиз эса доимгидек, кенг ва узун кийимларни кийиб, рўмолларини ўраб олишсин. Афсуски, зиёратгоҳда жуда калта, шаффоф ва тор кийиниб олганлар ҳам гоҳида учраб қолмоқда. Бу миллий қадриятларимизга хилоф, буюк муҳаддисга нисбатан ҳурматсизлик бўлиб қолади, Аллоҳ сақласин.
Зиёратга келувчилар, албатта, масжидга кириб, таҳиятул масжид (масжид ҳаққи) намозини, фарз намоз вақти бўлса, жамоат билан фарз намозини адо қилишлари даркор. Имом Бухорий мажмуаси зиёратига келганда камида икки ракат намоз ўқимагунча у ердан кетманг.
Мажмуа ҳудудига кирганда, овозни баланд кўтармаслик, бақир-чақир қилмаслик, бировга озор бермаслик лозим. Чунки бу жойда ҳар бир қадам одоб билан босилиши, ҳар бир ҳаракатда ҳурмат ва виқор намоён бўлиши керак.
Айниқса, масжид ичида суҳбатни камайтириш, телефонда баланд овозда гаплашмаслик, болаларни назоратсиз қолдирмаслик, таглиги йўқ гўдакларни масжидга олиб кирмаслик зарур. Масжид Аллоҳнинг уйидир. У ерда дунёвий гап-сўз, кулги, шовқин-сурон ва тартибсиз ҳаракатлар мусулмон кишига муносиб эмас. Агар телефон олиб кирилса, уни овозсиз ҳолатга ўтказиб қўйиш, бошқа намозхонларга халақит бермаслик лозим.
Қабр зиёратида ҳам шаръий одобларга амал қилинг. Имом Бухорий ҳазратларининг қабрлари ёнига борганда, у зотга салом беринг, ҳақларига дуо қилинг. Аллоҳ таолодан у зотнинг даражаларини янада баланд қилишини сўранг. Шунингдек, Аллоҳдан сўрайдиган ҳожатларингизни дуо қилинг. Зотан, у зотнинг ҳузурида қилинган дуолар ижобат бўлганига асрлар давомида гувоҳ бўлиб келинган. Бироқ қабрни айланиш, унга суяниш, қўл суртиш, қабрдан ҳожат сўраш, мато боғлаш ёки шунга ўхшаш шариатда кўрсатилмаган ишлардан сақланиш лозим. Зеро, дуо фақат Аллоҳдан сўралади, ҳожатлар фақат У Зотдан умид қилинади.
Зиёрат давомида суратга тушиш масаласида ҳам меъёрни унутмаслик керак. Хотира учун суратга тушиш – мумкин бўлган жойларда одоб доирасидан чиқмасдан, бошқаларга халақит бермасдан бажарилсин. Масжид ичида намоз ўқилаётган пайтда қабр ёнида турли кўринишда суратга тушиш, ҳазиломуз ҳолатлар қилиш зиёрат руҳига мутлақо тўғри келмайди.
Фарзандлари билан келган ота-оналар эса болаларга бу жойнинг қадрини тушунтириб қўйишлари лозим. Болаларнинг югуриб, бақириб, зиёратчиларга халақит беришларига йўл қўймаслик керак. Аксинча, уларга Имом Бухорий ҳазратларининг илм йўлидаги меҳнатлари, ҳадис илмига қўшган хизматлари, уламоларга ҳурмат қилиш одоби ҳақида қисқача тушунча берилса, бу зиёрат улар учун ҳам тарбиявий сабоққа айланади.
Энг муҳими, зиёрат фақат кўриш, айланиш ёки суратга тушиш учун эмас, балки ибрат олиш, қалбни поклаш, илмга муҳаббат уйғотиш ва Аллоҳга яқинлашиш учун бўлиши керак. Имом Бухорий ҳазратлари бутун умрларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини жамлаш, саралаш ва умматга етказишга бағишлаганлар. У зотнинг ҳузурига келган ҳар бир киши: “Мен ҳам илмга, одобга, ибодатга ва суннатга қанчалик боғланяпман?” деб ўзини бир бор тергаши лозим.
Хулоса қилиб айтганда, Имом Бухорий мажмуасига қадам қўйган ҳар бир зиёратчи бу масканнинг ҳурматини сақлаши, кийиниш, юриш-туриш, гап-сўз ва ибодатда одобли бўлиши даркор. Шунда зиёратимиз кўнгилхушлик эмас, балки қалбларни уйғотадиган, илмга муҳаббатни оширадиган ва Аллоҳ розилигига сабаб бўладиган муборак амалга айланади.
Аллоҳ таоло барчамизни зиёрат одобларига амал қиладиган, уламолар меросини қадрлайдиган ва Имом Бухорий ҳазратларининг илмий-маънавий йўлларидан ибрат оладиган бандаларидан қилсин.
Абдулбосит Абдулвоҳид ўғли,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси
Иорданиянинг нуфузли “Jordan News Agency” (Petra) ахборот агентлиги ҳамда “Hala Ahbar” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ ва кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумга бағишланган мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Агентликда ёзилишича, мазкур йирик халқаро тадбир Ўзбекистоннинг жаҳон медиа ҳамжамияти билан алоқаларини янада кенгайтириш, журналистлар ва соҳа мутахассислари ўртасида тажриба алмашишни ривожлантириши билан аҳамиятлидир.
Шу билан бирга, форум давомида ислом цивилизациясининг бой илмий-маърифий ва маданий меросини замонавий медиа воситалари орқали кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Форумнинг асосий тадбирлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, халқаро экспертлар ҳамда медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Нашрлар форум дастурининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратган. Хусусан, тадбир доирасида ялпи мажлислар, ихтисослаштирилган медиа-кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ташкил этилади.
Мунозараларда ҳужжатли фильмлар яратиш, тарихий хотирани асраш ва ёритиш, нашриёт лойиҳаларини ривожлантириш, замонавий технологиялардан медиа соҳасида самарали фойдаланиш ҳамда халқаро медиа лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинади.
Нашрнинг қайд этишича, тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири – Ўзбекистонлик талабалар учун халқаро медиа соҳасининг тажрибали мутахассислари иштирокида амалий мастер-класслар ўтказилишидир. Бу машғулотлар замонавий журналистика, медиамаҳсулотлар яратиш ва халқаро ахборот маконида самарали фаолият юритиш бўйича билим ва кўникмаларни оширишга хизмат қилади.
Иордания ОАВда форум доирасида иштирокчилар учун Самарқанд шаҳрига сафар ҳам режалаштирилгани қайд этилган. Хорижий журналистлар Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиб, Самарқанднинг бой тарихий-маданий мероси билан танишадилар. Тошкент шаҳрида эса халқаро ОАВ вакиллари учун махсус медиатур ташкил этилади.
Бундай сафарлар форум иштирокчиларига Ўзбекистоннинг нафақат замонавий тараққиёти, балки унинг жаҳон цивилизацияси тарихидаги ўрни, илмий-маърифий анъаналари ва бой маданий мероси ҳақида бевосита тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.
Мақолаларда халқаро медиафорумнинг 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланиши ҳам маълум қилинган. Хорижий меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси Матбуот хизмати