Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қуръонни ёддан ўқиш таҳорати йўқ киши (муҳдис) учун жоиз, аммо жунуб, нифос ва ҳайз кўрган аёллар учун тақиқлангандир.
Бунинг сабаби (ҳикмати) қуйидагича: Араб қавми, Аллоҳ таоло: “У (Аллоҳ) уммийлар ичига ўзларидан бўлган Расулни юборган Зотдир...” (Жума сураси, 2-оят) деб сифатлаганидек ва Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Биз уммий умматмиз; на ҳисобни ва на ёзишни биламиз”, деб айтганларидек, асосан хат-саводсиз бўлишган. Улардан Исломга кирганлар Қуръонни фақат эшитиш (талқин) орқали қабул қилишар, қалбларида ёдлаб қолишар эди.
Қуръонни ёдда сақлаб қолиш мақсадида уни кўп такрорлашга эҳтиёж сезардилар. Агар уларга Қуръон ўқиган ҳар бир ҳолатларида пок (таҳоратли) бўлиш мажбурияти юкланганда, бу уларга қийинчилик туғдирган бўларди. Уларнинг ичида Мусҳафдан ўқийдиганлари кам эди, шунинг учун Мусҳафни ушлаш ва ундан ўқиш вақтида таҳоратли бўлиш шарти уларга оғирлик қилмасди.
Шу маънога кўра, таҳоратсиз кишига қироат қилиш жоизлиги ва жунуб кишига мумкин эмаслиги ўртасидаги ҳукм ажратилди. Чунки жунублик ҳолати таҳоратсизлик (кичик бетаҳоратлик) каби доимий ва тез-тез содир бўлмайди.
Таҳоратсиз кишига Қуръон ўқиш учун таҳоратни вожиб қилишда машаққат бор, аммо жунубликдан ғусл қилишни вожиб қилишда машаққат йўқ. Валлоҳу аълам (Аллоҳ билувчироқдир).
Қаффол Шоший. “Маҳосин аш-шариъа”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Хабар берганимиздек, 19-20 август кунлари Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани бўлиб ўтмоқда.
Бугун, 19 август куни иштирокчилар кутиб олиниб, уларнинг Ислом цивилизацияси марказига саёҳати ташкил этилди. Ташриф давомида меҳмонлар марказнинг бой экспозициялари, Қуръони карим зали, нодир қўлёзмалар ҳамда буюк аждодларимизнинг илмий меросига бағишланган бўлимлар билан яқиндан танишди. Айниқса, замонавий мультимедиа лойиҳалари ва тарихий экспонатлар уларда чуқур таассурот қолдирди.
Устозлар Марказда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ислом маърифатини тарғиб қилиш ҳамда ёш авлодни миллий-диний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этишди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳам бўлишди. Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишди.
Оқшомда Ислом цивилизацияси маркази биносида маърифий дастур – mapping намойиш қилинди.
Мазкур тадбирлар ислом цивилизацияси меросини тарғиб этиш, диний таълим тизимини янада такомиллаштириб, янги босқичга олиб чиқишда салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати