حدثنا عيسى بن أحمد العسقلاني أنا يزيد أنا حماد بن سلمة عن عاصم عن زر عن عبد الله قال: قيل: يا رسول الله كيف تعرف من لم تر من أمتك قال :هم غر محجلون بلق من آثار الوضوء.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Эй, Аллоҳнинг Расули кўрмаган умматингизни қандай таниб оласиз?” деб сўралди. У зот: “Уларнинг пешона ва оёқ-қўллари таҳоратнинг изидан оппоқ нурли бўлади (шундан танийман)”, дедилар.
Абу Саид Ҳайсам ибн Кулайб Шошийнинг
“Муснади Шоший” асаридан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
Германиялик исломшунос олима, “Cultur-Cooperation International e.V.” ташкилоти раҳбари Кэтлин Гёбель I Халқаро ислом цивилизацияси форумидаги иштироки бўйича таассуротлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Олиманинг таъкидлашича, дунёнинг 50 та мамлакатидан келган етакчи олимлар, экспертлар ва жамоат арбобларини бирлаштирган ушбу нуфузли анжуман турли давлатлар ва илмий мактаблар вакиллари учун ўзаро ҳурмат, очиқ мулоқот ва ҳамжиҳатлик майдонига айланди.
Германиялик мутахассис Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий меросига юқори баҳо бериб, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Хусусан, Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишлари, замонавий музей ва сунъий интеллект технологияларининг жорий этилгани унда катта таассурот қолдирган.
Кэтлин Гёбель Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Жаҳолатга қарши — маърифат” эзгу ғоясининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.
Унинг фикрича, Тошкентда барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази нафақат миллий, балки бутун минтақа ва халқаро ҳамжамият учун очиқ бўлган, исломофобия ва адоватга қарши билим ва маърифат билан курашадиган ноёб платформадир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати